» » Бош бошқарма “Ишонч телефони” тўғрисидаги НИЗОМ

Бош бошқарма “Ишонч телефони” тўғрисидаги НИЗОМ

21 июнь 2019, Пятница
82
0

Бош бошқарма ишонч телефони                (79)223-81-39


Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субектларини шунингдек фуқаролардан уларнинг қонуний ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича аризалар, таклифлар ва шикоятларни қабул қилиш учун вилоят иқтисодиёт ва саноат бош бошқармаси телефон алоқасининг махсус линияси - “Ишонч телефони” тўғрисидаги
НИЗОМ

I.   Умумий қоидалар
   1. Ушбу Низом “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқарорларнинг мурожаатлари тўгрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларига мувофиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг (кейинги ўринларда тадбиркорлик субъектлари деб аталади), шунингдек фуқарорларнинг вилоят ҳокимлиги телефон алоқасининг махсус линияси (кейинги ўринларда “Ишонч телефони” деб аталади) орқали тушадиган уларнинг қонуний ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича аризалари, таклифлари ва шикоятларини қабул килиш, расмийлаштириш ва кўриб чиқиш тартибини белгилайди.
   2. Қуйидагилар:
   фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий, коммунал ва бошқа масалалар бўйича мурожаатлар ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан;
   вилоят давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, шу жумладан назорат органлари ва лицензияловчи органлар ҳамда туман (шаҳар) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар (кейинги ўринларда ташкилотлар деб аталади) мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари (харакатсизлиги) юзасидан;
   тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун зарур рухсат берувчи ҳужжатлар беришнинг белгиланган муддатлари ва тартибига риоя қилинмаслиги масалалари бўйича;
   уларга кредит ва молия ресурслари беришнинг ноқонуний рад этилиши ёки бериш тартиб-қоидаларининг асоссиз чўзиб юборилиши юзасидан;
   шунингдек, бошқа масалалар бўйича тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг мурожаатларини олиш, умумлаштириш ва белгиланган тартибда кўриб чиқиш “Ишонч телефони”ни ташкил этишнинг асосий мақсадлари ҳисобланади.
   3. “Ишонч   телефони” орқали:
   аризалар — тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари амалга оширилишида ёрдам кўрсатиш юзасидан сўралган мурожаатлари;
   таклифлар — тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялари юзасидан мурожаатлари;
   шикоятлар — тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг бузилган қонуний ҳуқуқлар, эркинликлар ва манфаатлар тикланиши талаб қилинган мурожаатлари қабул қилинади.
   4. Кўп каналли “Ишонч телефони” вилоят иқтисодиёт ва саноат бош бошқармаси (кейинги ўринларда бошқарма деб аталади) қабулхонасида ўрнатилади.
   5. “Ишонч телефони” орқали тушаётган мурожаатлар доимий навбатчилик асосида бошқарманинг масъул ходимлари томонидан қабул қилинади.
   6. Мурожаатларни кўриб чиқишда бошқарманинг масъул ходимлари томонидан тадбиркорлик субъекти ва тегишли фуқаро тўғрисида олинган маълумотларнинг унинг тегишли розилигисиз, шунингдек давлат сири бўлган маълумотларни, тижорат сирини ва қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа сирни ҳамда агар бу тадбиркорлик субъектининг ва фуқаронинг қонуний ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини камситишга олиб келса, бошқа маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.
   Қўнғироқ қилувчи шахс тўғрисида мурожаат қилиш мавзусига тегишли бўлмаган маълумотларни аниқлашга йўл кўйилмайди.
   7. Таклифлар бошқарма томонидан улар тушган кундан бошлаб бир ойгача муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганиш талаб қилинадиган таклифлар бундан мустасно, бу хақида таклиф киритган шахсга ўн кун муддатда маълум қилинади.
   8. Аризалар ва шикоятлар бошқарма томонидан тушган кундан бошлаб бир ойгача муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганиш ва текширишни талаб қилмайдиган аризалар ва шикоятлар эса — ўн беш кундан кечикмай кўриб чиқилади.Аризалар ёки шикоятларни кўриб чиқиш учун кўшимча текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни талаб қилиш ёхуд бошқа чораларни кўриш зарур бўлган ҳолларда аризалар ёки шикоятларни кўриб чиқиш муддатлари  раҳбарият томонидан истисно тариқасида, бироқ бу хақида ариза берган ёки шикоят қилган шахсга хабар қилинган ҳолда бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.
   
II. “Ишонч телефони” орқали тушадиган мурожаатларни қабул қилиш ва расмийлаштириш тартиби

   9. “Ишонч телефони” орқали мурожаатлар бутун вилоят ҳудудида 223-81-39 телефон рақамига қўнғирок қилиш йўли билан амалга оширилади. Бошқарма томонидан қўшимча телефон рақамлари жорий этилиши мумкин.
   10. “Ишонч телефони” орқали тушаётган мурожаатларни қабул қилиш вазифаси бошқарма бошлиғининг котиби зиммасига юклатилади.
   11. “Ишонч телефони” орқали телефон қўнғироқларига жавоб беришда бошқарманинг қўнғироқни қабул қилувчи масъул ходими:фамилиясини, исмини, отасининг исмини, эгаллаб турган лавозимини айтишга;
   қўнғироқ қилган шахсга қасддан ёлғон маълумот тақдим этилиши қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлишини маълум килиши;
   қўнғироқ қилган шахсга ушбу Низомнинг 12-бандида кўрсатилган ахборот ва маълумотларни маълум қилишни таклиф этиши шарт.
   12. “Ишонч телефони” орқали мурожаат қилишда фуқаролар фамилияси, исми, отасининг исмини, яшаш жойи тўғрисидаги маълумотларни; тадбиркорлик субъектлари фамилияси, исми, отасининг исмини, яшаш жойи тўғрисидаги маълумотларни, тадбиркорлик субъектининг номини, СТИРни, жавоб юборилиши керак бўлган почта манзилини, қайта боғланиш учун телефон рақамини маълум қилиши, шунингдек, мурожаатнинг моҳияти ва мазмунини баён қилиши шарт.
   13. “Ишонч телефони” орқали тушган мурожаатлар бошқарманинг масъул ходимлари томонидан умумийлаштирилади ва тегишли шакл бўйича расмийлаштириладиган бошқарманинг “Ишонч телефони” орқали тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг мурожаатларини рўйхатга олиш дафтарида рўйхатга киритилади.
   14. Ушбу Низомнинг 12-бандида кўрсатилган ахборот ва маълумотлар тақдим этилмаган мурожаатлар рўйхатдан ўтказилмайди ва кўриб чиқилмайди.
   15. Қабул қилинган мурожаат бўйича ўша куннинг ўзида бошқарманинг масъул ходими томонидан махсус “назорат карточкаси” тўлдирилади. Назорат карточкаси мурожаатлар бошқарманинг масъул ходимлари томонидан қабул қилингандан сўнг кўриб чиқиш учун тегишли тартибда вилоят ҳокимига киритилади.

III. “Ишонч телефони" орқали тушаётган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби
   16. “Ишонч телефони” орқали тушган мурожаатлар бошқармада масалага тааллуқли ходимлар томонидан кўриб чиқилади, мурожаатларнинг ҳудудий тегишлилиги бундан мустасно.Зарур ҳолларда мурожаатда кўрсатилган ҳолат тадбиркорлик субъектини ёки фуқарони жалб этган ҳолда жойнинг ўзига чиқиб ўрганилиши мумкин.
   17. Агар мурожаатда тайёрланаётган, содир этилаётган ёки содир этилган ҳуқуққа зид қилмиш тўғрисидаги, шунингдек, уни тайёрлаётган, содир этаётган ёки содир этган шахс ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлса, мурожаатлар дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига уларнинг ваколатларига мувофиқ юборилиши керак.
   18. “Ишонч телефони” орқали тадбиркорлик субъектларининг ва фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилган бошқарма раҳбарияти мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қарорнинг бажарилишини назорат қилишлари, шунингдек, агар зарар тадбиркорлик субъектига ёки фуқарога унинг қонуний ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини бузиш натижасида етказилган бўлса, зарарни қонунда белгиланган тартибда ундириш юзасидан чоралар кўриши шарт.
   19. Бошқарманинг мурожаатларни кўриб чиқиш вазифаси зиммасига юкланган масъул ходимларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари юзасидан мурожаатлар тушган тақдирда ушбу мурожаатларни мазкур шахсларнинг бевосита кўриб чиқиши таъқиқланади.
   20. Кўриб чиқилиши бошқарманинг ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича “Ишонч телефони” орқали мурожаатлар тушган тақдирда, бошқарманинг масъул ходимлари томонидан белгиланган тартибда тушунтириш берилади ва тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш тавсия қилинади.
   21. Мурожаатни кўриб чиққан бошқарма тадбиркорлик субъектига ёки фуқарога кўриб чиқиш натижалари ва қабул қилинган қарорнинг мазмун-моҳияти тўғрисида ёзма шаклда хабар бериши шарт.Жавоб тадбиркорлик субъектига ёки фуқарога юборилгандан кейин мурожаат ушбу мурожаатни назоратга олган шахснинг имзоси билан назоратдан чиқарилади, бу ҳакда “Ишонч телефони” орқали тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг мурожаатларини рўйхатдан ўтказиш дафтарига тегишли ёзув қайд этилади.
   Тадбиркорлик субъектига ёки фуқарога берилган ёзма жавобнинг нусхаси бошқарма девонхонасида сақланади.
   22. Бошқарма тадбиркорлик субъектлари ёки фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилишига олиб келаётган сабабларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида умумлаштирилган аризалар, таклифлар ва шикоятларни белгиланган тартибда таҳлил қилади ҳамда тегишли шакл бўйича ҳисобот тайёрлайди.
   23. “Ишонч телефони” орқали тушган аризалар, таклифлар ва шикоятларни, шунингдек, улар бўйича тегишли ташкилотларнинг қарорларини бошқарманинг расмий веб-сайтида жойлаштириш қонун ҳужжатларига мувофиқ тадбиркорлик субъекти тўғрисида ва мурожаат қилган фуқаролар тўғрисида олинган маълумотларнинг махфийлигига риоя қилган ҳолда ҳар ҳафталик асосда бошқарма томонидан таъминланади.

IV. Якунловчи қоидалар

   24. Тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар ўзларининг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш асоссиз рад этилиши устидан бўйсунув тартибида юқори органга ёхуд бевосита судга шикоят қилишга ҳақлидирлар.
   25. “Ишонч телефони” орқали олинган ахборот билан ишловчи шахслар олинган маълумотларнинг маҳфийлигига риоя қилиниши учун қонун ҳужжатларига мувофиқ шахсан жавоб берадилар.

Ишонч телефонлари

  • Тел: (0436) 223-81-39

Бошқарма билан боғланиш

  • Тел: 0 (436) 223-81-39
  • Факс: 0 (436) 223-80-25
  • E-mail: info@naveconomy.uz
  • 210100, Навоий, Ислом Каримов кўчаси 77а уй
© 2019 Навоий вилояти Иқтисодиёт ва саноат бош бошқармаси