» » Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ

21 июнь 2019, Пятница
95
0

Навоий вилояти Иқтисодиёт ва саноат бош бошқармасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

1-боб Умумий қоидалар

   1. Мазкур Низом (кейинги ўринда Низом деб аталади) “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига (кейинги ўринларда Қонун деб аталади) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларининг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги Намунавий низомни тасдиқлаш” ҳақидаги Қарорига мувофиқ Навоий вилояти Иқтисодиёт ва саноат бош бошқармасидаги (кейинги ўринларда Бошқарма деб аталади) марказий аппаратида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартибини белгилайди.
   2. Ушбу Низомнинг амал қилиши:

   кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, иқтисодий процессуал қонун хужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга;

  давлат органларининг, ташкилотларининг, шунингдек улар таркибий бўлинмаларининг ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

   3. Қонунга мувофиқ ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

   ариза-ҳукукларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган мурожаат;

   таклиф-давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларни ўз ичига олган мурожаат;

   шикоят-бузилган хуқукларни, эркинликларни тиклаш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб баён этилган мурожаат;

   аноним мурожаат-жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотнома ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар хақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган мурожаат, шунингдек, уни идентификация қилиш имкониятини бермайдиган электрон мурожаат ёхуд имзо билан тасдиқланмаган ёзма мурожаат;

   мурожаатнинг дубликати-айнан бир жисмоний ёки юридик шахснинг мурожаати нусхаси;

   такрорий мурожаат-аввалги мурожаатлар бўйича қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилинган ёки бошқача тарзда норозилик билдирилган, шунингдек, агар такрорий мурожаат келиб тушган пайтдан кўриб чиқишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддати тугаган бўлса, аввалги мурожаат ўз вақтида кўриб чиқилмаганлиги ҳақида хабар қилинган, айнан бир жисмоний ёки юридик шахсдан келиб тушган мурожаат;

   электрон мурожаат-белгиланган тартибда ахборот-коммуникация технологиялари воситасида берилган, шу жумладан давлат органининг, ташкилотнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилган мурожаат, реал вақт режимида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган холда берилган оғзаки мурожаатлар бундан мустасно;

   оммавий қабул-давлат органи рахбарининг ёки бу борада ваколат берилган мансабдор шахснинг жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари билан оммавий учрашувларида мурожаатларни қабул қилишга дойр ҳаракати;

   видео-конференц-алоқа-узоқда жойлашган бир нечта абонентларнинг реал вақт режимида аудио-видеоахборот алмашиш имконияти билан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган холда интерактив ҳамкорлик қилиши;

   давлат иштирокидаги ташкилот-устав фондида давлат улуши мавжуд бўлган тижорат ташкилоти ёхуд тўлиқ ёки қисман давлат органи томонидан ташкил этилган ёки таъсис этилган нотижорат ташкилоти.

   сайёр қабул-бошқарма ва бошқарма тизимидаги ташкилотлар раҳбарларининг тасдиқланган жадвали асосида жойларга чиққан холда жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш билан боғлиқ ташкилий ва бошқа чора-тадбирлар мажмуи.

   4. Мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда ариза, таклиф ва шикоят шаклида берилиши мумкин.
   Мурожаатлар, уларнинг шакли ва туридан қатъий назар, бир хил ахамиятга эга.

   Бошқарманинг «ишонч телефони»га келиб тушган мурожаатлар оғзаки мурожаат сифатида мазкур Низомда белгиланган тартибда қайд этилади, рўйхатга олинади ва кўриб чиқилади.

   Бошқарманинг расмий веб-сайти орқали ёки расмий электрон почта манзилига келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади ва ушбу Низомда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

   Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Интернет тармоғидаги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат портали (кейинги ўринларда Ҳукумат портали деб аталади) орқали келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади ва Вазирлар Мақкамасининг 2016 йил 3 июндаги 188-сон қарори билан тасдиқланган Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали тўғрисида низом талаблари ҳисобга олинган холда ушбу Низомда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

   Оммавий ахборот воситалари таҳририятларидан келиб тушган мурожаатлар Қонунда хамда ушбу Низомда назарда тутилган тартибда ва муддатларда қўриб чиқилади.

   Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.


2-боб Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат этиш хуқуқлари кафолатлари

   5. Қонунга кўра, жисмоний ва юридик шахсларга давлат органларига, ташкилотларига ва уларнинг мансабдор шахсларига якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этиш ҳукуки кафолатланади.

   Мурожаат этиш ҳукуки ихтиёрий амалга оширилади. Ҳеч ким бирон- бир мурожаатни химоя қилишга ёхуд унга қарши қаратилган харакатларда иштирок этишга мажбур қилиниши мумкин эмас. 

   Мурожаат этиш хуқуқининг амалга оширилиши бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг хукуқларини, эркинликларини хамда қонуний манфаатларини, шунингдек, жамият ва давлат манфаатларини бузмаслиги керак.

   Қонунга мувофиқ, хорижий давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси давлат органларига, ташкилотларига ва уларнинг мансабдор шахсларига ушбу Қонунга мувофиқ мурожаат этиш хуқуқига эга.

   6. Мурожаат этиш хуқуқидан фойдаланилаётганда жисмоний шахснинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига, шунингдек, юридик шахсларнинг мулк шакли, жойлашган жойи (почта манзили), ташкилий-хукуқий шаклларига ва бошқа ҳолатларига қараб камситишга йўл қўйилмайди.
   7. Бошқарма ва унинг мансабдор шахслари мурожаатларни кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси хамда қонунлари талабларига риоя этиши, уларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши учун чоралар кўриши, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган хуқуқлари, эркинликлари тикланишини ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўриши шарт.
   8. Мурожаатлар бошқарма ва унинг мансабдор шахслари томонидан қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши шарт, ушбу Низомнинг 6-бобида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
   9. Мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний шахсларнинг шахсий хаёти, юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар уларнинг розилигисиз, шунингдек, давлат сирини ёхуд қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг ва агар бу жисмоний ва юридик шахсларнинг хуқуқлари, эркинликлари хамда қонуний манфаатларини камситадиган бўлса, бошқа ахборотнинг бошқарма ходимлари ва мансабдор шахслари томонидан ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

   Жисмоний ва юридик шахс тўғрисидаги, мурожаатга тааллуқли бўлмаган маълумотларни аниқлашга йўл қўйилмайди.

   Жисмоний шахснинг илтимосига кўра унинг шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги керак.
   10. Жисмоний шахсни, унинг вакилини, уларнинг оила аъзоларини, юридик шахсни, унинг вакилини ва юридик шахс вакилининг оила аъзоларини улар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфатларини рўёбга чиқариш ёки ҳимоя қилиш мақсадида бошқарма ва унинг мансабдор шахсларига мурожаат этганлиги, шунингдек, мурожаатларда ўз фикрини билдирганлиги ва танқид қилганлиги муносабати билан таъқиб этиш ман этилади.

З-боб. Мурожаатларни бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби

   11. Мурожаатлар уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколати доирасига кирадиган бошқарма ёки унинг мансабдор шахсига бевосита ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга берилади.

   Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатни мустақил равишда беришга, шунингдек, бу борадаги ваколатни ўз вакилига беришга ёҳуд мурожаатни почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда юборишга ҳақли.

   Вояга етмаганлар, муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган шахсларнинг манфаатларини кўзлаб мурожаатлар уларнинг қонуний вакиллари томонидан қонун қужжатларида назарда тутилган тартибда берилиши мумкин.

   12. Жисмоний шахснинг мурожаатида жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

   Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

   Жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатида бошқарманинг аниқ номи, мурожаат юборилаётган мансабдор шахснинг лавозими ва (ёки) фамилияси (исми, отасининг исми) кўрсатилган, шунингдек, мурожаатнинг мохияти баён этилган бўлиши керак.

   Мурожаатларда мурожаат этувчиларнинг электрон почта манзили, алоқа телефонлари ва факслари рақамлари кўрсатилиши мумкин.

   Мурожаат этувчиларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи хужжатлар илова қилиниши керак.

   13. Мурожаатга у бўйича илгари қабул қилинган мавжуд қарорлар ёки уларнинг нусхалари, шунингдек, уни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа хужжатлар илова қилиниши мумкин, мазкур хужжатлар қайтарилмайди, мурожаат этувчи уларни қайтариш ҳақида ёзма ариза берган холатлар бундан мустасно.

   Кўрсатиб ўтилган хужжатлар мурожаат тааллуқлилиги бўйича бошқа давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига юборилганда мурожаатга илова қилиниши керак.

   14. Мурожаат почта алоқа воситаси орқали конвертда келиб тушганда конвертда мурожаат ва унга иловалар мавжудлиги текширилади.

   Конвертда мурожаат мавжуд бўлмаса ёки у шикастланган бўлса, шунингдек, мурожаатда кўрсатилган иловалар мавжуд бўлмаса, далолатнома тузилиб, унинг бир нусхаси мурожаат этувчига конвертда кўрсатилган манзил бўйича юборилади.

   Келиб тушган мурожаатлар конвертлари мурожаат этувчининг манзилини, мурожаатнинг жўнатилган ва олинган вақтини аниқлаш учун сақлаб қолиниши мумкин.

   15. Ёзма мурожаат мурожаат этувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат этувчи юридик шахс ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим.

   Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат этувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.

   16. Мурожаатларни бериш муддатлари, қоида тариқасида, белгиланмайди.

   Айрим ҳолларда, бошқарма ёки унинг мансабдор шахсларининг мурожаатни кўриб чиқиш бўйича имкониятларига, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ўз вақтида амалга ошириш ва ҳимоя қилишни таъминлаш заруратига боғлиқ бўлса, шунингдек, қонунларда назарда тутилган бошқа асосларга кўра мурожаатни бериш муддати белгиланиши мумкин.

   Бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ариза ёки шикоят жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузувчи ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этилганлиги ёхуд қарор қабул қилинганлиги маълум бўлган пайтдан эътиборан узоғи билан бир йилдан кечиктирмай берилади.

   Ариза ёки шикоят беришнинг узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган муддати аризани ёки шикоятни кўриб чиқиш ваколати берилган мансабдор шахс томонидан тикланади.

   17. Жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатини у кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган пайтда мурожаат бўйича қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёки электрон шаклда ариза бериш йўли билан чақириб олиш ҳуқукига эга. Бундай ариза тушган тақдирда мурожаатни кўриб чиқиш тўхтатилади ва уч кун мобайнида мурожаат бошқарманинг хати билан мурожаат қилувчига қайтарилади.
   Мурожаатни чақириб олиш тўғрисидаги ариза бошқарма томонидан қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилишини истисно этмайди.

4-боб. Мурожаатлар билан ишлашни ташкиллаштириш

   18. Бош бошқармада жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ схемага биноан амалга оширилади.
  19. Тушган мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш учун юбориш, шунингдек мурожаатларнинг ҳисобини юритиш ва кўриб чиқилишини назорат қилиш мақсадида мурожаатлар билан ишлаш бўйича алоҳида бўлинма (кейинги ўринларда мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси деб аталади) ташкил этилади.

   Мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси бошқармага келиб тушган мурожаатлар ҳажмидан, ходимлар сони ва иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда алоҳида бўлим, бўлинма ёки гуруҳ шаклида ташкил этилиши мумкин.

   Мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси мурожаатларнинг кўриб чиқилишини назорат қилиш масалаларида бевосита бошқарма бошлиғига бўйсунади.

   20. Мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма:

   -таркибий бўлинмалар томонидан мурожаатлар кўриб чиқилишини доимий назорат қилади ва унинг мониторингини олиб боради, уларни ўз вақтида ва зарур тарзда кўриб чиқилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўради;

   -мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва тартиби таркибий бўлинмалар томонидан бузилиши тўғрисида бош бошқарма раҳбариятини дарҳол хабардор қилади;

   -мониторинг натижалари бўйича ҳар ойда раҳбариятга мурожаатлар кўриб чиқилишининг ҳолати тўғрисидаги ахборотни, зарурият бўлганда, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйган ходимларга нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш юзасидан тегишли таклифлар билан биргаликда тақдим этади.

   21. Мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинманинг ходимларига қуйидаги қўшимча талаблар қўйилади:

   -ўрта-махсус ёки олий маълумотга эга бўлиши;

   -камида уч йиллик иш стажи бўлиши;

   -уларнинг ходими бўлган бошқарма бўлинмаларининг фаолияти, функцияларига оид мажбуриятлари тўғрисида хабардор бўлиши;

   -юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлиши;

   -киришимлилик;

   -замонавий ахборот-коммуникация технологияларни қўллашни билиш.

   Бўлинма ходимлари мурожаатлар билан ишлаш бўйича ўз фаолиятини амалга оширишда илтифотли, қатъиятли, эътиборли бўлиши керак, мурожаат қилувчиларга нисбатан хушмуомала, вазмин ва эътиборли, шахснинг шаънини камситмаслиги, унга нисбатан меҳрибон бўлиши шарт.

   Мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажариш вақтида ташқи кўриниши бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг бош бошқармага нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига кўмаклашиши, умумий қабул қилинган иш тартибига риоя этиши, вазмин ва интизомли бўлиши керак,

   22. Бош бошқарма мурожаатлар билан иш олиб борувчи ўз ходимларини ўқитади ва уч йилда камида бир марта уларнинг малакасини оширади.
   23. Бош бошқарма ушбу Низомнинг талабларига кўра, мурожаатлар билан ишлашда электрон ҳужжат айланиши тизимини жорий этиши мумкин.

   Бош бошқармада мурожаатлар билан ишлаш:

   Ўзбекистан Республикаси Президенти Виртуал қабулхонаси ва Ҳукумат портали орқали келиб тушган мурожаатлар электрон шаклда;

   туман ва шаҳарлардаги (туманга бўйсунувчи шаҳарлардан ташқари) Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатлар ёзма ва (ёки) электрон шаклда олиб борилади.

   24. Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга ошириш, шунингдек, мурожаатлар билан ишлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш мақсадида бошқарма бошлиғи ва бошқарма бошлиғи ўринбосари ўз виртуал қабулхоналарини ташкил этиши мумкин.

   Виртуал қабулхоналар қайси давлат органи, ташкилот ёки уларнинг қайси мансабдор шахслари томонидан тузилган бўлса, ўша давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари номидан фаолият кўрсатади.

   25. Жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатида кўрсатилган масалани хар томонлама ва ўз вақтида хал қилиш мақсадида, мурожаатда кўрсатилган масалани кўриб чиқиш (хал қилиш) бир нечта давлат органлари ва ташкилотларининг ваколатига кирса, бошқарма бошқа давлат органлари ва вилоят ташкилотларига жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатини коллегиал эшитишни ўтказиш учун мурожаат қилишга ҳақли.


5-боб. Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари

   26. Ёзма ва электрон (агар бош бошқарма ва бошқарма тизимидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда электрон хужжат айланиш дастури жорий этилмаган бўлса, қоғозга босиб чиқарилган) мурожаатлар мурожаатларни рўйхатга олиш журналига тегишли ёзувларни киритиш, ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шакл бўйича ҳисобга олиш карточкасини тўлдириш ва мурожаатнинг биринчи сахифаси қуйи ўнг қисмида рўйхатга олиш штампини қўйиш йўли билан мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинмада рўйхатга олинади.

   Мурожаатлар ёзма ёки электрон тарзда рўйхатга олиниши мумкин.

   Мурожаатларни рўйхатга олиш журналида мурожаатнинг тартиб рақами, мурожаат қилган жисмоний шахснинг фамилияси (исми ва отасининг исми), унинг яшаш жойи, юридик шахснинг номи, унинг жойлашган жойи, мурожаатнинг қисқача мазмуни, мурожаат қабул қилинган сана, дубликат ёки мурожаатларнинг такрорийлиги, назоратга олинганлиги тўғрисидаги белги, ижрочи этиб белгиланган таркибий бўлинманинг номи, сана кўрсатилган ҳолда ижро этиш тўғрисидаги белги кўрсатилади.

   Қайд этиш штампида бошқарманинг расмий номи, мурожаатнинг келиб тушган санаси ва қайд рақами кўрсатилади.

   Мурожаатларнинг тартиб рақамлари ҳар йил бошидан янгидан ҳисобланади.

   27. Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари бошқармага оғзаки мурожаат этишганда улар томонидан тақдим қилинган ёзма мурожаатлар ҳамда бошқа материаллар қабул қилиниши ва ушбу Низомнинг 26-бандига мувофиқ тўлдирилган ҳисобга олиш карточкасига илова қилиниши керак.

   Рўйхатга олинган мурожаатлар келиб тушган пайтидан бошлаб бир иш кунидан кечикмай бошқарма раҳбариятига, унинг ўринбосарига ёки таркибий бўлинма раҳбарига киритилади, у масъул таркибий бўлинмани (ходимни) белгилаган ҳолда мурожаатни кўриб чиқиш бўйича резолюцияни (топшириқнома) қўяди.

   Резолюция (топшириқнома) қўйилган пайтдан бошлаб бир иш куни мобайнида мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма мурожаатни ижро этувчи сифатида белгиланган таркибий бўлинмага (ходимга) имзо қўйдирган ҳолда беради. Бунда ижрочи этиб белгиланган таркибий бўлинма (ходим) томонидан ижро этиш тўғрисидаги белги қўйилади.

   28. Бошқармага келиб тушган мурожаатлар иш юритувга қабул қилиниши, бўйсуниш тартибида бошқарманинг қуйи бўлинмасига (кейинги ўринларда қуйи орган деб аталади) юборилиши ёки тегишлилиги бўйича бошқа давлат органига, ташкилотга юборилиши мумкин.
   29. Қуйи орган томонидан кўриб чиқилиши керак бўлган мурожаатлар унга келиб тушган кундан бошлаб беш кун муддатдан кечиктирмай хат билан ёки ташкилотнинг раҳбари ёки таркибий бўлинманинг раҳбари томонидан имзоланган топшириқ билан бирга юборилиши, бу хақда мурожаат қилувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар берилиши керак.
   30. Агар мурожаатда бир нечта таркибий бўлинмага тегишли масалалар мавжуд бўлса, уларнинг барчаси мурожаатни кўриб чиқиш бўйича ижро этувчилар этиб белгиланади. Ижро этувчилар орасида биринчи бўлиб кўрсатилган таркибий бўлинма бошқа таркибий бўлинмалар билан биргаликда мурожаат кўриб чиқилишини таъминлайди.
   31. Мурожаатни тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқиш учун қўшимча маълумотлар, маълумотномалар ва материалларга зарурат пайдо бўлган тақдирда, мазкур мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида мурожаат этувчидан, шунингдек, ўз ваколатлари доирасида бошқа давлат органларидан, бошқа ташкилотлардан ва мансабдор шахслардан кўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин. Агар ахборот давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маьлумотларни ўз ичига олган бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг хуқуқлари, эркинликлари хамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари ўзларидан сўралаётган ахборотни ўн кун ичида тақдим этиши шарт.
   32. Агар мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида мурожаатнинг дубликата келиб тушса, ушбу мурожаат аввал тушган мурожаат билан биргаликда кўриб чиқилади ҳамда натижаси бўйича ягона жавоб берилади.

   Агар мурожаатнинг дубликата мурожаат кўриб чиқилганидан ва жавоб юборилганидан кейин келиб тушса, бу ҳақида бошқарма мурожаат этувчини ёзма тартибда хабардор қилади.

   33. Агар мурожаатда ўртага қўйилган масалалар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига дахлдор бўлса, уларнинг вакиллари мурожаатни кўриб чиқишда иштирок этиш учун бошқарма томонидан ўз ваколатлари доирасида жалб этилади.

   Зарур ҳолларда мурожаатларни кўриб чиқиш учун бошқарма томонидан тегишли мутахассислар жалб этилиши мумкин.

   34. Қўйилган масалаларни қал этиш ўзининг ваколати доирасига кирмайдиган мурожаатлар беш кун муддатдан кечиктирмай бош бошқарма раҳбари ёки таркибий бўлинманинг раҳбари томонидан имзоланган хат билан тегишли органларга юборилади, бу ҳақида мурожаат қилувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади.

   Мурожаатни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига, ташкилотларига ўтказиш ёхуд қарорлари ёки харакатлари (харакатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади.

   Агар мурожаатларда уларни тегишли органларга юбориш учун зарур бўлган маълумотлар мавжуд бўлмаса, у холда улар беш кун муддатдан кечиктирмай асослантирилган тушунтириш билан мурожаат қилувчиларга қайтарилади.

   35. Мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида бошқарма ёки унинг мансабдор шахслари ўз ташаббусига кўра ёхуд мурожаат этувчининг илтимосига кўра уни эшитишни ташкил этиши мумкин.

   Бошқарма ёки унинг мансабдор шахслари мурожаат этувчига мурожаатда кўтарилган масалалар бўйича ўз фикрини билдириш ва мурожаат бўйича қўшимча ахборот такдим этиш имкониятини беради.

   Зарур ҳолларда мурожаат этувчини эшитишга экспертларни, мутахассисларни ва манфаатдор ташкилотларнинг вакилларини жалб этиш мумкин.

   36. Агар мурожаатда жойнинг ўзида ўрганишни талаб этувчи ҳолат баён қилинган бўлса, шунингдек, бошқа зарур қолларда мурожаатни жойнинг ўзида кўриб чиқилишни таъминлаш мумкин. Мурожаатни жойнинг ўзида кўриб чиқиш бошқарма раҳбариятининг топшириғи ёки унинг розилиги билан амалга оширилади.
   37. Мурожаатни мурожаат қилган ёки бошқа шахснинг иштирокисиз кўриб чиқишнинг имконияти бўлмаганда, улар бошқарма рақбарияти томонидан чақирилиши мумкин. Чақирилган мурожаат қилувчи келмаган тақдирда бошқарма мурожаатни унинг иштирокисиз кўриб чиқиш мумкин эмаслиги тўғрисица жавоб юборади.
   38. Мурожаатлар билан ишлаш муддатлари улар бошқармага келиб тушган кундан бошлаб ҳисобланади. Агар тегишли муддатнинг охирги куни дам олиш ва байрам кунларига тўғри келса, навбатдаги иш куни муддат тугайдиган кун ҳисобланади.

   Электрон мурожаатлар иш вақти тамом бўлгандан кейин тушган тақдирда навбатдаги иш куни рўйхатга олинади.

   Мурожаатни рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди.

   Бошқарма бошлиғига ёки бунга ваколат берилган бошқа мансабдор шахсига оммавий қабуллар вақтида тушган ва жойида хал этилган оғзаки мурожаатларни рўйхатдан ўтказиш талаб қилинмайди. Бунда жисмоний шахснинг ёки юридик шахс вакилининг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар, мурожаатнинг қисқача мазмуни, шунингдек, уни кўриб чиқиш натижаси оммавий қабул баённомасида кўрсатилади.

   39. Ариза ёки шикоят масалани мазмуни бўйича хал этиши шарт бўлган мурожаат келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун мобайнида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча қужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

   Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари бошқарма раҳбарияти томонидан, истисно тариқасида, кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақида мурожаат этувчига хабар қилинади.

   40. Таклиф бошқармага келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кун муддатда ёзма шаклда хабар қилинади.
   41. Айрим ҳолларда бошқарма бошлиғи ёки унинг ўринбосари мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартиришлари мумкин.
   42. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича бошқарма томонидан тегишли қарор қабул қилинади, бу хақида дархол ёзма ёхуд электрон шаклда мурожаат қилувчига хабар берилади.

   Мурожаатни қониқтирмаслик тўғрисидаги қарорни:

   Бошқармада - бошқарма бошлиғи, унинг ўринбосарлари, таркибий бўлинмалар раҳбарлари қабул қилади;

   Мурожаатга жавоб хатида мурожаатда кўрсатилган хар бир масала бўйича важларни рад қилувчи ёки тасдиқловчи аниқ асослар (заруриятга қараб қонун хужжатлари нормаларига ҳавола қилинган холда) бўлиши керак.

   43. Мурожаатга жавоб хати бошқарма бошлиғи, унинг ўринбосари ёки таркибий бўлинма раҳбари томонидан имзоланади.

   Мурожаатларга жавоб хати, мумкин қадар, мурожаат этилган тилда баён қилинади.

   44. Жисмоний ёки юридик шахслар жамоа бўлиб мурожаат қилган тақдирда, уларнинг мурожаатлари Қонун талаблари ва мазкур Низомга мувофиқ кўриб чиқилади. Бунда мурожаатга жавоб мурожаат қилганларнинг рўйхатида биринчи бўлиб кўрсатилган шахсга ёки уларнинг талабига кўра, бошқа шахсга юборилади.
   45. Жисмоний ёки юридик шахснинг илтимосига кўра мурожаатни кўриб чиқишда мурожаатга жавобни унинг мазмунини ўзгартирмасдан тушунтириши, шунингдек йўл қўйилган хатолар ва арифметик хатоларни ўз ташаббусига кўра ёки мурожаат қилувчининг илтимосига кўра, мурожаатга жавобнинг мазмунига дахл қилмаган холда тузатиши шарт.

   Мурожаат қилувчининг мурожаатга жавобни тушунтириш ва уни тузатиш тўғрисидаги илтимоси у келиб тушган кундан эътиборан 10 кун ичида кўриб чиқилади.

   46. Мурожаат, унда кўтарилган барча масалалар Қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилган ва мурожаат қилувчига тегишли жавоб юборилган тақдирда кўриб чиқилган хисобланади.

   Мурожаат қилувчига жавоб юборилган кун мурожаатни кўриб чикиш тугалланган кун қисобланади, бу хақда мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма мурожаатларни рўйхатга олиш журналига ва ҳисобга олиш карточкасига белги қўяди.

   47. Юқори давлат органининг назоратида турган мурожаатлар бўйича мурожаатни кўриб чиққан бошқарма томонидан кўриб чиқилган мурожаатни мурожаат қилувчига юборилган жавоб хатининг нусхасини илова қилган ҳолда мурожаатни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида юқори давлат органига ёзма шаклда хабар беради.
   48. Кўриб чиқилган мурожаатларни ва улар билан боғлиқ материалларни сақлаш мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинмада белгиланган тартибда амалга оширилади.

6-боб. Мурожаатларни кўрмай қолдириш ва кўриб чиқишни тугатиш

   49. Қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:

   -аноним мурожаатлар;

   -жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи хужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда;

   -Қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.

   50. Мурожаатни аноним деб эътироф этиш мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма рахбари томонидан амалга оширилади.

   Мурожаат аноним деб эътироф этилганда бу ҳақида хулоса тузилади. Хулосада мурожаатни аноним деб эътироф этиш учун асослар кўрсатилади. Мурожаатни аноним деб эътироф этиш тўғрисидаги хулоса мурожаатлар билан ишловчи бўлинма рахбари томонидан тасдиқланади.

   Бошқарманинг ишонч телефонлари, “тезкор алоқа”га тушган мурожаатлар Қонунда назарда тутилган тартибда аноним деб эътироф этилиши мумкин.

   Аноним деб эътироф этилган мурожаатлар хулоса тасдиқланган пайтдан бошлаб назоратдан ёки ижродан олинади ва кўриб чиқилмайди.

   51. Жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар келиб тушганда, мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма уларнинг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжудлигини текширади.

   Агар мурожаатда жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатларини тасдиқлайдиган хужжатлар мавжуд бўлмаса, бу хақда мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинманинг рақбари томонидан тасдиқланадиган хулоса тузилади.

   Жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулоса тасдиқланган пайтдан бошлаб ушбу мурожаат кўриб чиқилмайди, бу хақда мурожаат қилувчи ёзма равишда хабардор қилинади.

   52. Мурожаатлар кўрмай қолдирилганда тегишли хулоса тузилади, у бошқарма бошлиғи ёки унинг ваколат берилган мансабдор шахси томонидан тасдиқланади.

   Жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатини тасдиқловчи хужжатлар мавжуд эмаслиги сабабли мурожаатлар кўрмай қолдирилганлиги тўғрисида мурожаат қилувчи тегишли тартибда хабардор қилинади.

   53. Мурожаатларни кўриб чиқиш қуйидаги холларда тугатилади:

   -агар такрорий мурожаатларда янги важлар ёки янгидан очилган холатлар келтирилмаган бўлса, илгариги мурожаат материалларида эса текширувларнинг тўла-тўкис материаллари мавжуд бўлса ва мурожаат қилувчига белгиланган тартибда жавоблар берилган бўлса;

   -агар мурожаат қилувчи ўз мурожаатини белгиланган тартибда чақириб олган бўлса ёки уни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисида илтимос қилган бўлса;

   -яшаш жойи, турган жойи (почта манзили), электрон почта манзили ёки бошқа реквизитлари ўзгартирилганлиги тўғрисида ўз вақтида хабардор қилмаганлиги туфайли чақиришнинг имкони йўқлиги сабабли мурожаатни мурожаат қилувчининг иштирокисиз кўриб чиқиш имконияти бўлмаганда;

   -мурожаатни мурожаат қилувчининг иштирокисиз кўриб чиқиш имконияти мавжуд эмаслиги сабабли, бошқарма томонидан чақирилган мурожаат қилувчи келмай қолган тақдирда;

   -агар мурожаат қилувчи жисмоний шахс вафот этганидан сўнг мурожаатни кўриб чиқиш хуқуқий ворисликка йўл қўймаса.

   54. Мурожаатни кўриб чиқишни тугагани тўғрисидаги қарорни бошқарма бошлиғи қабул қилади.

   Такрорий мурожаатни кўриб чиқишда ушбу Низомнинг 53-банди иккинчи хатбошисига мувофиқ тугатилганда, мурожаат қилувчи такрорий мурожаатнинг асоссизлиги ва ушбу масала юзасидан у билан ёзишмалар тугатилиши тўғрисида ёзма равишда хабардор қилинади. Ёзишмалар олиб бориш тугатилган мурожаат қилувчидан такрорий мурожаат келиб тушган тақдирда, бундай мурожаатни кўриб чиқиш мурожаат қилувчини бу хақида хабардор қилмасдан тугатилади.

   Мурожаатни кўриб чиқиш уни чақириб олиш тўғрисидаги ариза бўйича тугатилганда, мурожаат мурожаат қилувчига хат орқали уч кун ичида қайтарилади. Мурожаатни чақириб олиш тўғрисидаги ариза қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўришни истисно этмайди.

   Мурожаат қилувчи чақирилган жисмоний шахснинг ёки юридик шахс вакилининг келмай қолганлиги сабабли мурожаатни кўриб чиқишни тугатиш тўгрисида тегишли тартибда хабардор қилинади.


7-боб. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилишни ташкил этиш


   55. Бошқарма бошлиғи ва унинг мансабдор шахслари томонидан жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ташкил этилади.

   Бошқарма бошлиғи ёки бу борада ваколат берилган бошқа мансабдор шахслари томонидан жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг сайёр қабуллари, шунингдек оммавий қабуллар ташкил этилиши мумкин.

   55Бош бошқарма қуйи тизимидаги бўлим бошлиқларининг жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини жойларда сайёр қабул қилиш бўйича жадваллари (йиллик ёки ярим йиллик) ишлаб чиқилиб, мос равишда юқори турувчи давлат органлари ва ташкилотлари рахбарлари томонидан тасдиқланади.

   56. Бош бошқарма қуйи тизимидаги бўлим бошлиқлари томонидан жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини шахсий, сайёр ва оммавий қабул қилиш белгиланган кун ва соатларда қабул қилиш жадвалига мувофиқ ўтказилади.

   Шахсий, сайёр ва оммавий қабул қилиш жадвали ва уни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олинган олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот, қабул қилиш тартиби уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши, шунингдек, уларнинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилади.

   Сайёр ва оммавий қабул ўтказиладиган вилоят, шахар ва туманлардаги тегишли ташкилотлар томонидан бир хафта олдин аҳоли билан тарғибот ишлари амалга оширилади.

   57. Бошқармада жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш учун алоҳида хона ажратилади.

Шахсий қабул давомида бошқарма бошлиғининг қарорига ва мурожаат этувчига бу хақида хабар берган холда махсус техника воситалари (аудио-видеоёзув, шунингдек фотосуратга олиш) қўлланилиши мумкин.

   58. Оғзаки мурожаатлар билан келган жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинманинг рахбари ёхуд бошқа масъул ходим, шунингдек бошқарма таркибий бўлинмаларининг бошлиқлари ёхуд бошқа масъул ходимлари томонидан қабул қилинади.

   Мурожаат қилувчининг шахсини тасдиқлайдиган хужжатлар текширилгандан кейин ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шакл бўйича хисобга олиш карточкаси тўлдирилади. Ҳисобга олиш карточкаси оғзаки мурожаат сифатида рўйхатга олинади.

   59. Жисмоний шахс оғзаки мурожаат этаётганда ўз шахсини тасдиқловчи хужжатни, юридик шахснинг вакили эса ўз ваколатларини тасдиқлайдиган ва ўз шахсини тасдиқловчи хужжатни кўрсатиши керак, оммавий қабул вақтида келиб тушган мурожаатлар бундан мустасно.

   Оғзаки мурожаатлар реал вақт режимида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган холда, шу жумладан бошқарманинг ишонч, тезкор алоқа телефонлари орқали ва видео-конференц-алоқа воситасида хам берилиши мумкин.

   60. Мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма қабулга келган жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш, шунингдек жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш билан боғлиқ ишларни ташкил этади.
   61. Бошқармада жисмоний шахсларнинг ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш мурожаатлар билан ишлаш бўйича бўлинма ёки тегишли таркибий бўлинма ходимлари иштирокида амалга оширилади.
   62. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилувчи рахбар ёки ваколатли шахснинг кўрсатмаси бўйича бошқарманинг бошқа ходимлари хам қабул қилиш жараёнига жалб этилиши мумкин.
   63. Агар жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини шахсий, сайёр ва оммавий қабул қилиш пайтида мурожаатда баён қилинган масалаларни хал этиш Бош бошқарманинг ваколатига кирмаслиги аниқланган тақдирда, уларга мурожаатда баён қилинган масалаларни ҳал этиш учун қайси органга ёки ташкилотга мурожаат қилиш кераклиги тушунтирилади. Бунда жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг талаби билан бу ҳақида ёзма шаклда жавоб берилади.
   64. Жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг сайёр қабуллари, шунингдек оммавий қабуллари, зарур бўлган холларда, қабул қилиш жадвалларидан ташқари ўтказилиши мумкин. Оммавий қабул ҳовлиларга (квартираларга), бошқа биноларга ва жойларга бирма-бир кириб чиқиш орқали ҳам ўтказилиши мумкин.
   65. Жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг сайёр ва оммавий қабуллар вақтида берилган оғзаки мурожаат ушбу Низомнинг 58-бандига мувофиқ расмийлаштирилади ва рўйхатга олинади ҳамда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

   651Жойларда учрашувларни ўтказиш мавзусига мамлакатнинг стратегик мақсадларини амалга оширишда устувор бўлган фуқаролик жамиятини ва халқ билан очиқ мулоқотни ривожлантириш, инсон хукук ва манфаатларини, давлат ва махаллий ижро этувчи хокимият органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, амалга оширилаётган ислохатларнинг туб мохияти ва худудларни комплекс ривожлантиришнинг истиқболли режалари тўгрисида ахолига етказиш, жойлардаги тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечимларини топиш, жисмоний шахслар ва юрицик шахслар вакилларини қабул қилиш, мурожаатларни кўриб чиқиш каби цолзарб масалалар киритилиши л озим.

   652. Сайёр ва оммавий қабулни ўтказиш натижалари бўйича тегишли баён тўлдирилади, чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади.

   66. Оммавий қабуллар вақтида бошқарма бошлиғига ёки ваколат берилган бошқа мансабдор шахсига келиб тушган ва жойида ҳал этилган оғзаки мурожаатларга ёзма жавоб ёки электрон шаклдаги жавоб талаб этилмайди.

8-боб. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг кавилларини видео-конфренс-алоқа воситасида қабул қилишни ташкил этиш


   67. Жисмоний шахс ва юридик шахсларнинг вакили бошқарма бошлиғига ёхуд унинг мансабдор шахсларига видео-конференц-алоқа воситасида мурожаат бериши, олдиндан тасдиқланган махсус ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда видео-конференц-алоқа жадвал орқали амалга оширилади.
   68. Бунинг учун мурожаат этувчи видео-конференц-алоқа орқали белгиланган тартибдаги талабнома билан мурожаат қилади. Ариза электрон шаклда берилиши мумкин.

   Талабномада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

   жисмоний шахс учун - мурожаат этувчининг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар;

   юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар;

   электрон почта манзили;

   алоқа телефони ва (ёки) факснинг рақами;

   видео-конференц-алоқа ўтказишга қулай сана ва вақт;

   мурожаат тили;

   мурожаатнинг қисқача мазмуни,

   Мурожаат этувчиларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи хужжатлар илова қилинади.

   69. Видео-конференц-алоқа орқали келиб тушган мурожаатлар келиб тушган пайтидан бошлаб бир иш кунидан кечикмай мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси томонидан рўйхатга олиниши, бош бошқарма бошлиғига киритилиши керак.
   70. Бошқарма бошлиғи талабномани кўриб чиқиб, видео-конференц-алоқа орқали кўриб чиқиш ёки кўриб чиқишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

   Қабул қилинган қарор, видео-конференц-алоқа орқали мурожаатни кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида бошқарма мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси жисмоний ва юридик шахсларни белгиланган тартибда огоҳлантиради.

   71. Видео-конференц-алоқа орқали мурожаатни қабул қилиш жадвали ўзгарган тақдирда, мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси олдиндан (электрон почта, алоқа телефон ва (ёки) факс рақамлари, почта ва бошқалар) орқали огоҳлантириши керак.
   72. Видео-конференц-алоқа орқали келиб тушган мурожаатлар орқали мурожаат сифатида мазкур Низомда белгиланган тартибда қайд этилади, рўйхатга олинади ва кўриб чиқилади.

9-боб. Жисмоний ва юридик шахсларнинг хуқуқлари

   73. Мурожаатлар бошқарма бошлиғи ва унинг мансабдор шахслари томонидан кўриб чиқилаётганда жисмоний ва юридик шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

   -мурожаатни кўриб чиқишнинг бориши тўғрисида ахборот олиш;

   - важларни шахсан баён этиш ва тушунтиришлар бериш; 

   -мурожаатни текшириш материаллари ва уни кўриб чиқиш натижалари билан танишиш;

   -қўшимча материаллар тақдим этиш ёки бундай материалларни бошқа органлардан талаб қилиб олиш тўғрисида илтимос қилиш; 

   -адвокат ёрдамидан фойдаланиш;

   -мурожаатни кўриб чиқишни тўхтатиш тўғрисида ёхуд мурожаатга жавобни тушунтириш ва (ёки) уни тузатиш тўғрисидаги илтимос қилиш;

   -ўз мурожаатини у кўриб чиқилгунга қадар ва кўриб чиқилаётган пайтда мурожаат бўйича қарор қабул қилингунга қадар ёзма ёки электрон шаклда ариза бериш йўли билан чақириб олиш;

   -мурожаатни қабул қилиш ёки кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этганлик устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки бевосита судга шикоят қилиш.

   Жисмоний ва юридик шахслар қонун хужжатларига мувофиқ бошқа хуқуқларга хам эга бўлиши мумкин.

   74. Жисмоний ва юридик шахслар, Бошқарма бошлиғи ва унинг мансабдор шахслари томонидан мурожаатларни кўриб чиқишда ўзларининг хатти-харакатлари билан жисмоний ва юридик шахсларнинг хуқуқларини,  эркинликларини ҳамда қонуний манфатларини, шунингдек, жамият ва давлат манфаатларини бузмаслиги керак.

10-боб. Мурожаатларни кўриб чиқиш ва бошқарма мансабдор шахсларининг ҳуқуқ ва эркинликлари.

75. Мурожаатларни кўриб чиқишда бошқарма мансабдор шахслари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

   -мурожаатни кўриб чиқиш учун зарур бўлган ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

   -мурожаат қилувчи ёки унинг вакилини улар йўқлигида мурожаатни кўриб чиқиш мумкин бўлмаганда ёхуд мурожаатни эшитиш учун чақириш;

   -била туриб ёлғон маълумот кўрсатилган мурожаатни текшириш сабабли етказилган харажатларнинг ўрнини қоплаш тўғрисида судга мурожаат қилиш;

   Бошқарма мансабдор шахслари қонун хужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

   76. Бошқарма мансабдор шахслари:

   мурожаатлар тўғрисидаги қонун хужжатлари талабларига риоя этиши; 

   мурожаат қилувчига унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор хужжатлар, қарорлар ва  бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини, агар улар давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган    бошқа сир бўлган маълумотларни ўз ичига олмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, таъминлаши;

   мурожаат этувчига кўриб чиқиш натижалари ҳамда қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат кўриб чиқилганидан сўнг ёзма ёхуд электрон шаклда дарҳол хабар қилиши, оммавий қабул вақтида тушган ва жойида ҳал қилинган оғзаки мурожаатлар бундан мустасно;

   мурожаат юзасидан қабул қилинган қарор устидан, агар жисмоний ёки юридик шахс ушбу қарорга рози бўлмаса, шикоят бериш тартибини тушунтириши;

   мурожаатни кўриб чиқиш натижаларига кўра қабул қилинган қарорнинг ижросини назорат қилиши;

   қонунга хилоф ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) бартараф этиш юзасидан дарҳол чора-тадбирлар кўриши, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабаблар ва шароитларни ўз ваколатлари доирасида аниқлаши;

   жисмоний шахс, унинг вакили, уларнинг оила аъзолари, юридик шахс, унинг вакилининг оила аъзолари уларнинг мурожаатлари сабабли таъқиб этилишини белгиланган тартибда бартараф этиши;

   агар жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши натижасида моддий зарар ёки маънавий зиён етказилган бўлса, қонунда белгиланган тартибда моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ёки маънавий зиённи компенсация қилиш чоралари кўрилиши шарт.

   Бошқарманинг мансабдор шахслари қонун хужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқукларга хам эга бўлиши мумкин.

11-боб. Мурожаатларнинг кўриб чиқилишини мониторинг ва назорат қилиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш

   77. Бошқарма бошлиғи ёки ваколат берилган бошқа мансабдор шахслари ўз таркибий бўлинмалари томонидан мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан доимий мониторинг ва назоратни амалга оширади, уларни тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш чораларини кўради.
   78. Мурожаат у қайси раҳбар ёки ваколат берилган бошқа мансабдор шахс томонидан назоратга олинган бўлса, ўша шахс томонидан назоратдан ва ижродан олинади.

   Оралиқ жавоблар берилган ва тўлиқ кўриб чиқилмаган мурожаатлар назоратдан олинмайди.

   79. Бошқарма мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси келиб тушган, кўриб чиқилган, қаноатлантирилган, қаноатлантирилмаган, кўриб чиқилмаган мурожаатларнинг, шунингдек, бошқа маълумотларнинг статистик ҳисобини юритади.

   Бошқарма мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси жисмоний ва юридик шахсларнинг хукуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек, жамият ва давлатнинг манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида ҳар чоракда мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилишни таъминлайди.

   Ҳар ой якуни бўйича бош бошқарма ва қуйи тизимидаги бўлим бошлиқлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари билан ўтказилган учрашувлар натижалари тўғрисида маълумотларни умумлаштирилиб таҳлил қилинган ҳолда мухокама этиш учун киритилади.

   Мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра мурожаатлар билан ишлаш бўлинма ёки тегишли таркибий бўлинмалар томонидан мурожаатлар билан ишлашнинг умумий кўрсаткичлари, мурожаатларда тез-тез кўтарилган масалалар, мурожаатларни кўриб чиқиш якунлари бўйича аниқланган асосий камчиликлар ва қоидабузарликлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг хукуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек, жамият ва давлат манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш мақсадида кўрилган чоралар акс эттирилган маълумотномалар тузилади ҳамда бошқарма бошлиғига мурожаатни кўриб чиқишнинг қонунийлигини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳукуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек, жамият ва давлатнинг манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш, қонун хужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади.

   Мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра тузилган маълумотномалар бошқарманинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

   80. Бошқарма ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига мурожаатлар билан ишлаш тўғрисида ҳисобот тақдим этади.
   81. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари Ўзбекистон Республикаси Интерактив давлат хизматлари ягона порталида, бошқарма расмий веб-сайтида, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида ҳар ойда эълон қилиниши мумкин.
   82. Мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси тушган мурожаатларни таҳлил қилиш якунлари бўйича бошқарма расмий веб-сайтида тегишли статистика маълумотларини ҳар ойда эълон қилади.

12-боб. Якунловчи қоидалар

   83. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун хужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳукуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик, жисмоний шахсларнинг шахсий хаёти тўғрисидаги ёхуд юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этиш, жисмоний ва юридик шахсни мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун таъқиб қилиш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
   84. Қонун ва ушбу Низом талабларига риоя этишни таъминлаш учун жавобгарлик давлат органлари рақбарларига ва уларнинг ўринбосарларига, мурожаатлар билан ишлаш бўлинмалар ва тегишли таркибий бўлинмалар раҳбарларига юкланади.
   85. Жисмоний ёки юридик шахснинг аризаси, шикояти ана шу мурожаатлар бўйича қонунга хилоф қарорлар қабул қилинганда бошқарма бошлиғи ва унинг мансабдор шахслари томонидан қаноатлантирилган тақдирда, ариза ёки шикоят бериш ва уни кўриб чиқиш билан боғлиқ зарарнинг ўрни, аризани, шикоятни кўриб чиқиш учун бошқарма бошлиғи ва унинг мансабдор шахсларининг талабига кўра жойларга бориш муносабати билан қилинган харажатларнинг ҳамда ана шу вақт ичида йўқотилган иш ҳақининг ўрни мурожаат этувчига суд тартибида қопланади.

   Суд тартибида маънавий зиён ҳам компенсация қилиниши мумкин.

   Жисмоний ёки юридик шахснинг аризасини ёхуд шикоятини кўриб чиқишда қонун талаблари бузилганлиги муносабати билан унга етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш сифатида бошқарма томонидан тўланган маблағлар айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олиниши мумкин.

   86. Мурожаатлар тўғрисидаги қонун хужжатларини бузганлик, худди шунингдек, тухмат ва ҳақоратдан иборат мурожаат берганлик белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Ишонч телефонлари

  • Тел: (0436) 223-81-39

Бошқарма билан боғланиш

  • Тел: 0 (436) 223-81-39
  • Факс: 0 (436) 223-80-25
  • E-mail: info@naveconomy.uz
  • 210100, Навоий, Ислом Каримов кўчаси 77а уй
© 2019 Навоий вилояти Иқтисодиёт ва саноат бош бошқармаси