» » » Ипотека кредити асосида Арзон уй жой олиш бўйича маълумотлар

Ипотека кредити асосида Арзон уй жой олиш бўйича маълумотлар

18 март 2020, Среда
32
0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5886 сонли Фармонига асосан ажратиладиган кўп квартирали арзон уй-жойлар

   Мамлакатимизда арзон уй-жойлар ва кўп квартирали уйлар қуриш кўламини кенгайтириш, соҳага янги архитектура ва техник ечимларни жорий этиш орқали аҳолининг уй-жой маиший турмуш шароитларини яхшилаш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда. Хусусан, ўтган уч йил ичида 104 мингта оила уй-жой билан таъминланди, бу сўнгги ўн йил ичида қурилган уйлар сонидан бир ярим баравар кўпдир.

   Шу билан бирга, аҳолининг уй-жой шароитларини янада яхшилаш жисмоний шахсларга ипотека кредити беришнинг замонавий бозор тизимини шакллантириш ва ривожлантиришни, уй-жойлар қурилишига хусусий пудрат ташкилотларини ҳар томонлама жалб қилиш ва бу тизимга тўлиқ ўтишни, тижорат банклари томонидан молиялаштиришни босқичма-босқич оширишни, шунингдек, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашда манзиллилик ва шаффофликни кучайтиришни тақозо этмоқда.

   Ушбу ишларни давом эттириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5886-сонли Фармони қабул қилинди. Мазкур фармонга асосан Навоий вилоятида 2020 йил учун жами 726 та квартирали кўп қаватли уй-жойлар қурилиши кўзда тутилган.

  Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига ажратилган маблағлар ҳисобидан ипотека кредитлари бирламчи уй-жой бозорида сотиладиган квартираларни (шу жумладан, янги тартиб доирасидан ташқари қурилган ва бирламчи уй-жой бозорида сотиладиган квартираларни) сотиб олиш учун қуйидаги шартларда берилади:

   қишлоқ жойларда – уй-жой ҳисобланган қийматининг 90 фоизидан ошмайдиган миқдорда 15 йил муддатга ва дастлабки бадали сотиб олинадиган квартира қийматининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда;

   шаҳарларда – уй-жой ҳисобланган қийматининг 80 фоизидан ошмайдиган миқдорда 15 йил муддатга ва дастлабки бадали сотиб олинадиган квартира қийматининг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдорда.

        Бунда:

  •     уй-жойларнинг ҳисобланган қиймати ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги билан биргаликда квартира бир квадрат метрининг тегишли ҳудуддаги ўртача бозор қиймати ҳамда икки ва уч хонали квартиралар майдонининг энг кам меъёрларини инобатга олган ҳолда белгиланади:
  •     сотиб олинадиган квартиранинг қиймати уй-жойнинг ҳисобланган қийматидан ошиб кетган тақдирда, қийматнинг қолган қисми қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўланади;
  •     Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси пасайтирилган тақдирда, Молия вазирлиги томонидан ажратилган маблағлар ва тижорат банкларининг ипотека кредитлари бўйича фоизлар мутаносиб равишда камаяди, оширилган тақдирда эса ўзгаришсиз қолади.

Ариза берувчилар билиши лозим бўлган асосий тушунчалар!

   Ариза берувчи ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади ҳамда давлат хизматидан фойдаланиш учун анкета-аризани электрон тарзда тўлдиради ва қуйидаги ҳужжатларни электрон тарзда илова қилади:

    а) жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;

    б) оила аъзоларининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси (тўлиқ оила ва никоҳ ҳамда вояга етган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) ва (ёки) фарзандлар туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар (вояга етмаган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) нусхалари;

    в) ўрнатилган тартибда никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб тан олинганлиги тўғрисида суд қарори (никоҳ қайд этилган ҳолатда) ёки оилавий ҳолати тўғрисида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолатда);

   г) доимий прописка жойидан кадастр рақами ва тури (агар турар жойи доимий прописка жойи билан тўғри келса); 

  д) доимий прописка жойидан уй дафтарининг ёки квартиралар бўйича карточканинг (17-шакл) нусхаси (агар турар жойи доимий прописка жойи билан тўғри келса);

   е) Ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромад ва ушлаб қолинган даромад солиқлари тўғрисидаги маълумотнома (қўшимча даромадлар бўлса солиқ декларацияси).

Ариза берувчи - тақдим этилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлари асосида ижтимоий мезонларга мос келишини аниқлаш ва баҳолаш қуйидаги масъул ташкилотларнинг туман (шаҳар) бўлимлари  томонидан амалга оширилади:

  • тиббиёт бирлашмаси;
  • ички ишлар бўлими (бошқармаси);
  • молия бўлими;
  • давлат солиқ инспекцияси;
  • аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази;
  • ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси;
  • туман (шаҳар) Хотин-қизлар қўмитаси;
  • Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман (шаҳар) кенгаши;
  • Туман (шаҳар) ҳокимлиги;
  • иштирок этувчи тижорат банклари.

   Ариза берувчи томонидан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун ариза бериш муддати йилнинг 1 мартидан 1 октябргача этиб белгиланади. Ушбу муддат тугагандан кейин тақдим этилган аризалар кўриб чиқилмайди.

   Ариза берувчи туман (шаҳар) Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали тақдим этиладиган ҳужжатлар ва уларда кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги учун жавобгар саналади.

    Ариза берувчи узрли сабабларга кўра (меҳнатга лаёқатсизлик, сафарда бўлганлиги, яқин қариндошининг вафоти ва бошқалар) комиссия йиғилишида қатнашиш имконига эга бўлмаса, ариза берувчи бу ҳақда комиссия котибини хабардор қилиб сабабини кўрсатиши шарт. Бунда, ариза берувчининг аризаси комиссиянинг кейинги йиғилишида кўриб чиқилади. 

   Ариза берувчи узрли сабабларсиз комиссия йиғилишига келмаганда комиссия аризани унинг иштирокисиз ариза берувчи ҳамда масъул ташкилотлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида кўриб чиқади ва комиссия қарорини ариза берувчига билдиради.

Комиссия аризаларни навбат асосида уларнинг қайд этилиши кетма-кетлигига мувофиқ кўриб чиқади.

     Кўриб чиқиш якунлари бўйича комиссия йиғилишининг баённомаси расмийлаштирилиб, субсидия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида комиссиянинг QR-код (матрик штрихли код) қўйилган қарор қабул қилади ва тегишли туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказига хабарнома юборади. Мазкур хабарнома Давлат хизматлари маркази томонидан бир иш кунида ариза берувчига юборилади.

     ЯИДХП орқали электрон тарзда мурожаат этилганда комиссия томонидан субсидия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги хабарнома электрон кўринишда ариза берувчига юборилади. 

    Ижтимоий мезонлар асосида баҳоланган аризачи 30 ва ундан юқори балл тўплаган тақдирда талабгор сифатида тан олиниб, уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредити бўйича субсидия олишга ҳақли деб ҳисобланади.

    Субсидия бериш тўғрисидаги хабарномада талабгор (биргаликда қарз олувчи)нинг реал даромадларидан келиб чиқиб, қоплаб берилиши мумкин бўлган субсидия бўйича сотиб олиши мумкин бўлган уй-жойнинг юқори қиймати кўрсатилади.

Қайси ҳолларда ариза берувчига субсидия тўланиши рад этилиши мумкин?

        - тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотлар ижтимоий мезонларга мос келмаганда;

        - тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки соҳта маълумотлар мавжуд бўлганда;

        - ариза ва тегишли ҳужжатларни қабул қилишнинг охирги санаси тугагандан кейин тақдим этилганда; 

        - масъул ташкилотлар хулосаларига асосан жами 30 дан паст балл тўплаганда;

    - илгари шаҳар ва қишлоқ жойларида арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартира ёки якка тартибдаги уй-жой ҳамда субсидиялар олган оила аъзолари (эри, хотини)нинг такрорий мурожаат этилганда;

       - жорий йил учун ажратиладиган субсидиялар сони тугаганда;

       - иштирок этувчи банк томонидан ариза берувчи фуқарони (биргаликда қарз олувчи) ажратиладиган ипотека кредити бўйича тўловга лаёқатсиз деб топилганда;

      - ариза берувчида кредит ташкилотларидан олдинги олинган кредитлари бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлганда.

      Ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқ эмаслиги, нотуғри маълумотлар мавжудлиги аниқланган тақдирда комиссия ариза берувчига субсидия ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш имконияти мавжуд бўлган тақдирда қарор нусхаси такроран ариза топшириш мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда тегишли туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказига бир иш куни мобайнида юборилади.

   Субсидия тақдим этиладиган талабгорлар сони Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг туманлар (шаҳарлар) кесимида тасдиқланган қарорида белгиланган сонидан ошиб кетган тақдирда талабгорлар сони қуйидаги тартибда аниқланади:

    энг юқори балл олган талабгорлар кетма-кетлигида;

   охирги энг юқори балл тўплаган икки ёки ундан ортиқ ариза берувчининг баллари тенг бўлиб қолган тақдирда, календарь тартибга кўра ҳужжатларини биринчи бўлиб топширган ариза берувчи талабгор сифатида тан олинади.

     Тақдим этиладиган субсидиялар бир оилага (аъзоларининг биттасига) фақат 1 (бир) марта берилади. Уй-жой сотиб олиш учун субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарнома календарь йил якунига қадар амал қилади.

    Давлат хизматлари марказидан субсидия бериш тўғрисида ижобий хабарномани олган талабгор, хабарномада кўсатилган сотиб олиниши мумкин бўлган уй-жойнинг юқори қийматидан ошмаган қийматли уй-жойни ипотека кредити орқали сотиб олиш бўйича қурилиш (пудрат) ташкилоти билан шартнома тузади.

    Ипотека кредитини белгиланган тартибда расмийлаштириш учун талабгор тижорат банкига уй-жой сотиб олиш учун субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномани ва уй-жойни ипотека шартлари асосида сотиб олиш бўйича қурилиш ташкилоти билан тузилган шартномани ҳамда фуқаро ўзига тегишли бўлган бадал маблағларини банкдаги ҳисоб рақамига жойлаштирганлиги тўғрисида маълумотномани ҳамда банк томонидан белгиланган бошқа ҳужжатларни тақдим қилади. 


ИПОТЕКА КРЕДИТЛАРИ АЖРАТИШ ТАРТИБИ

      Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги маблағлари ҳисобидан аҳолига бирламчи уй-жой бозорида квартирани сотиб олиш учун ипотека кредитлари ажратиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

  1-босқич. Фуқаронинг тўлов қобилиятидан келиб чиқиб, ўз танлови асосида бирламчи уй-жой бозорида сотиладиган квартираларни танлайди ва пудрат ташкилоти билан шартнома имзолайди.

   2-босқич. Фуқаро тижорат банк филиалларига танланган квартирани сотиб олиш учун ипотека кредити ажратишни сўраб ариза билан биргаликда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • қарз олувчининг (биргаликда қарз олувчининг) паспортининг асли;
  • пудрат ташкилоти билан тузилган квартира сотиб олиш бўйича шартнома;
  • қарз олувчи (биргаликда қарз олувчи) томонидан охирги 12 ой мобайнидаги (12 ойдан кам ишлаган тақдирда – ишланган даври учун) олган даромадлари тўғрисидаги маълумотномалари;
  • субсидия хабарномаси (субсидия ажратиш тўғрисида ижобий хулосага эга бўлган шахслар учун).

3-босқич. Банк томонидан потенциал қарз олувчиларга қуйидаги шартларда ипотека кредитлари ажратилади:

  • кредит муддати – 15 йил;
  • кредит фоизи – бозор шартлари асосида белгиланган фоиз ставкаси;
  • кредит тўлов усули – ҳар ойда тенг миқдорларда (аннуитет усулида).

      Бунда потенциал қарз олувчилар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

   а) ипотека кредити олиши учун мурожаат қилган кунда 18 ёшга тўлган ва  50 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси;

   б) доимий иш жойига ва даромадлар манбаига эга бўлган шахслар;

   в) қарз юки кўрсаткичи, яъни қарз олувчининг барча кредитлари бўйича ўртача ойлик тўловлари миқдорининг қарз олувчи (ва биргаликда қарз олувчиларнинг) тасдиқланган ўртача ойлик даромадига нисбати 70 фоиздан юқори бўлмаган шахслар.

Қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг қарз юки кўрсаткичи белгиланган меъёрдан юқори бўлганда, уларнинг банк олдидаги қарз мажбуриятларини таъминлаш юзасидан юридик шахсларнинг кафиллиги қабул қилиниши ва юридик шахснинг йиллик сой фойдасини 50 фоизи қарз олувчининг қарз юки кўрсаткичида кўшилиши мумкин;

   г) ипотека кредити ажратишни кўриб чиқиш вақтида кредит ташкилотларидан аввалги олинган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаган шахслар.

4-босқич. Банк томонидан ипотека кредити бериш тўғрисида ижобий қарор қабул қилингандан (субсидия хабарномасига эга қарз олувчилар учун бошланғич бадалнинг бир қисми учун субсидия маблағлари банкка ўтказиб берилгандан) сўнг;

  • банк ва қарз олувчи (биргаликда қарз олувчилар) ўртасида кредит шартномаси расмийлаштирилади;
  • қарз олувчи томонидан суғурта ташкилоти билан ипотека предметини таваккалчиликлардан суғурта қилиш шартномаси тузилади;
  • белгиланган тартибда уй-жойнинг олди-сотди шартномаси расмийлаштирилади;
  • ипотека шартномаси тузилади ёки қонун асосида ипотека белгиланган тартибда Ўздавергеодезкадастрда рўйхатдан ўтказилади.

ПФ-5886-сонли Фармоннинг 6-бандига мувофиқ субсидиялар:

  • қишлоқ жойларда – биринчи беш йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун – 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига;
  • шаҳарларда – дастлабки бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида ва биринчи беш йил давомида кредит бўйича фоизларни қоплаш учун – Тошкент шаҳрида 12 фоизлик пунктдан ошган қисмига, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.

   2020 йил 1 мартдан бошлаб субсидия олиш истагида бўлган, кам таъминланган ва уй-жой шароитларини яхшилашга мухтож шахслар Ўзбекистон Республикаси Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали субсидия олиш учун аризаларни тақдим этиши мумкин.


Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар


Тадбилар


Бажариш муддатлари








1-босқич


Ариза берувчи


   Ариза берувчи субсидия олиш учун туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мустақил равишда анкета-аризани электрон тарзда тўлдиради


1 мартдан 1 октябргача (ҳафтанинг душанба-жума кунлари)








2-босқич


Туман (шаҳар) Давлат хизматлари маркази


1.  Анкета-ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар, туман (шаҳар) Давлат хизматлари маркази томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади.

2.  Туман (шаҳар) Давлат хизматлари маркази аризаларни қайд этилиши навбатлигига кўра туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси, ички ишлар бўлими (бошқармаси), молия бўлими, давлат солиқ инспекцияси, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш кенгаши, ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси, иштирок этувчи тижорат банкига электрон шаклда тақдим этади.


1 иш куни ичида








3-босқич


Тиббиёт бирлашмаси


  Ариза берувчининг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахсларнинг мавжудлиги, ариза берувчининг оила аъзолари орасида биринчи гуруҳ ногирони мавжудлиги, ёлғиз ўзи оғир ногиронликка олиб келувчи касалликга чалинган бола парваришлаётган аёллар тўғрисидаги маълумотни тегишли туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига тақдим этади.


10 иш куни мобайнида


Ички ишлар бўлими (бошқармаси)


Ариза берувчи бошқа оилалар билан бир уйда (бир квартирада) яшаши тўғрисидаги тегишли маълумотларни тегишли туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига тақдим этади.








Молия бўлими


   Тақдим этиладиган субсидияларнинг миқдори тугаганлиги тўғрисидаги маълумотни тегишли туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига тақдим этади.








Давлат солиқ инспецияси


   Солиқ тўловчининг идентификация рақами, турар жойда ижара шартлари асосида яшаши ва ариза берувчининг даромадлари тўғрисидаги тегишли маълумотларни тегишли туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига тақдим этади.








Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази


   Ариза берувчининг кам таъминланганлиги тўғрисидаги тегишли туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига тақдим этади.








Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси


  Доимий прописка жойидан кадастр ҳужжатининг маълумотлари (агар турар жойи доимий прописка жойи билан тўғри келса), ариза берувчида, шу жумладан унинг турмуш ўртоғи ва фарзандларида мулк ҳуқуқи билан турар жойнинг бор-йўқлиги, яшаш учун яроқли ёки яроқсиз турар жойда яшаши, уй-жой умумий майдонининг бир шахс учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ижтимоий нормаси нормасига мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги тегишли маълумотларни тегишли туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига тақдим этади.








Иштирок этувчи тижорат банклари


  Ариза берувчи фуқаро (биргаликда қарз олувчи)нинг ажратиладиган ипотека кредити бўйича тўлов қобилияти, унга ажратилиши мумкин бўлган ипотека кредити ва сотиб олиши мумкин бўлган уй-жойнинг юқори қиймати, кредит ташкилотларидан олдинги олинган кредит бўйича муддати ўтган қарздорликларининг мавжуд эмаслиги тўғрисидаги тегишли маълумотни тегишли туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига тақдим этади.









4-босқич


Комиссия


  1. Аризаларни уларнинг қайд этилиши навбатлилигига кўра кўриб чиқади.
  2. Талабгорларни аниқлаш бўйича тақдим этилган ҳужжатлар, маъсул ташкилотларнинг баҳолаш натижаларини Низом талабларига мувофиқлигини ўрганиб чиқади

Маълумотлар келиб тушган кундан бошлаб 14 иш куни мобайнида, ҳар ҳафтада аризачи иштирокида








   Танлов натижалари юзасидан субсидия бериш ёки рад этиш тўғрисида QR-код қўйилган қарор қабул қилади ва Давлат хизматлари маркази орқали электрон тарзда ариза берувчига юборилади.


1 иш куни мобайнида








5-босқич


Талабгор


  Ўзининг реал даромади ва имкониятларидан келиб чиқиб, мўлжаллаётган уй-жойни, унинг ҳисобланган қийматидан ошмаган ҳақиқий қийматини инобатга олган ҳолда ипотека кредити орқали сотиб олиш бўйича хусусий қурилиш (пудрат) ташкилоти билан шартнома тузади.


Субсидия бериш тўғрисидаги қарорни олгандан сўнг 1 ой мобайнида







  Ипотека кредитини белгиланган тартибда расмийлаштириш учун талабгор тижорат банкига уй-жой сотиб олиш учун субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномани ва уй-жойни ипотека шартлари асосида сотиб олиш бўйича қурилиш ташкилоти билан тузилган шартномани ҳамда фуқаро ўзига тегишли бўлган бадал маблағларини банкдаги ҳисоб рақамига жойлаштирганлиги тўғрисида маълумотномани ҳамда банк томонидан белгиланган бошқа ҳужжатларни тақдим қилади. 









6-босқич


Иштирок этувчи тижорат банки ва молия бўлими


1. Иштирок этувчи тижорат банки талабгорнинг ҳужжатларини ўрганиб чиқади.

2. Ажратиладиган ипотека кредити бўйича давлат бюджетидан талабгорга қоплаб берилиши мумкин бўлган субсидия суммасини аниқлайди.


3 иш куни мобайнида








7-босқич


Иштирок этувчи тижорат банки 


  Туман (шаҳар) ғазначилик бўлимларига бошланғич бадални бир қисмини қоплаш учун субсидия суммасини тўлашга буюртманома юборади.


1 иш куни ичида








8-босқич


Ҳудудий ғазначилик бўлими


  Ипотека кредити бўйича бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия суммасини тижорат банки томонидан кўрсатилган ҳисобрақамига ўтказиб беради.


3 иш куни мобайнида








9-босқич


Иштирок этувчи тижорат банки


  Талабгор билан ўзаро ўртасида ипотека кредитини ажратиш тўғрисидаги шартномани имзолайди ҳамда ипотека кредитини расмийлаштиради.


1 иш куни  мобайнида








  Ипотека кредитини ажратиш тўғрисида шартнома ва унинг иловаси (тўловлар жадвали)ни ипотека кредити фоизини ҳар ойда тўлаб бориш учун субсидия ажратилиши бўйича ҳудудий ғазначилик бўлимларига юборади.


Ипотека кредити тақдим этилганидан сўнг 3 иш куни мобайнида








10-босқич 


Ҳудудий ғазначилик бўлими


  Ипотека фоизларини бир қисмини қоплаш учун маблағларни ўтказиб боради.


Ҳар ойнинг
25 санасигача

Ишонч телефонлари

  • Тел: (0436) 223-81-39

Бошқарма билан боғланиш

  • Тел: 0 (436) 223-81-39
  • Факс: 0 (436) 223-80-25
  • E-mail: info@naveconomy.uz
  • 210100, Навоий, Ислом Каримов кўчаси 77а уй
© 2019 Навоий вилояти Иқтисодиёт ва саноат бош бошқармаси