» » » Аҳолини рўйхатга олиш — келажак сари янги қадам

Аҳолини рўйхатга олиш — келажак сари янги қадам

15 апрель 2022, Пятница
40
0

Мамлакат фуқаролари тўғрисидаги маълумотлар ҳар қандай давлат миллий статистикасининг муҳим қисми саналади. Бундай маълумотлар маълум вақт оралиғида аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари орқали тўпланади. Улар нафақат республика, балки Ер юзи аҳолисининг сони, ижтимоий ҳолати, даромадлари каби бир қанча муҳим ахборотларни ҳисоблаб боришга хизмат қилади.

БМТ дунё мамлакатларига фуқаролар билан юзага келадиган бир қатор ижтимоий муаммоларнинг ечими ҳамда иқтисодий кўрсаткичларнинг демографик кўрсаткичлар билан мутаносиб равишда ўсиб боришини таъминлаш учун ҳар ўн йилда камида бир маротаба аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишни тавсия этади. Афсуски, юртимизда мустақилликдан сўнг кенг кўламда аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилмаган. Шу боис, мамлакатимизда илк бор 2023 йилда ўтказилиши кўзда тутилган аҳолини рўйхатга олиш тадбирига айни пайтда қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. 

Аҳолини рўйхатга олиш  мамлакат ҳудудида миллати, элатидан қатъий назар барча инсонларни бирлаштирадиган умуммиллий тадбир бўлиб, унинг ўтказилишидан барчамиз, сиёсий қарашларимиз ва ижтимоий мавқеимиздан қатъи назар бирдек манфаатдормиз. Боиси, мазкур йирик ижтимоий тадбир орқали, биринчи навбатда, жами аҳолининг  сони, фуқаролиги, никоҳ ҳолати, одамларимизнинг таълим даражаси (ўрта, ўрта махсус ёки олий), яшаш учун даромад манбалари, уйсизлар сони, уй хўжалинининг яшаш шароитлари каби бир қанча кўрсаткичлар бўйича бугунги кунда етарлича мавжуд бўлмаган маълумотлар базаси шакллантирилади. Шаҳарча, маҳалла, қишлоқ ва овуллар сони ҳамда уларнинг чегаралари, турар жойлар сони, улардаги мавжуд шарт-шароитлар тўғрисидаги маълумотларга аниқлик киритилади. 

Аҳолини рўйхатга олиш, аввало, давлат ёки ҳукумат эмас, балки жамиятнинг ўзи учун зарур бўлиб, у вақти-вақти билан ўз-ўзини кўзгуда кўриш орқали ривожланиш натижаларини баҳолаш имкониятидир. Рўйхатга олишда қатнашаётган ҳар бир фуқаро ўзи ҳақидаги маълумотларни тақдим эта туриб, ўзлари мансуб бўлган кишилар гуруҳига тегишли ижтимоий дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этади. 

Мисол учун, ишсизларнинг сўровномадаги жавоблари меҳнат бозорини ўрганиш ва айнан керакли жойда янги иш ўринлари яратиш имконини берса,  болалар сони тўғрисидаги маълумотлар мактаб, мактабгача таълим муассасалари ва шу каби муассасалар қурилиши режаларини тузишда қўл келади. Ёш ҳақидаги маълумотлар пенсияга чиқадиганлар сони, уларнинг пенсия тўловлари учун зарур бўладиган маблағларни жамғариб бориш имконини беради. Ҳар йили мактабгача таълим, умумтаълим мактаблари ёки олий таълимга қабул қилинадиган ёшлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам худди шундай шаклланади. Яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар эса ҳар биримизнинг уйимизгача келадиган йўллар қурилиши, коммуникациялар билан таъминлашни режалаштириш учун зарур.

Ушбу тадбирларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, улар орқали нафақат ўзимиз, балки келажак авлод учун муҳим маълумотларни тўплашга эришамиз. Аҳолини рўйхатга олиш натижалари мамлакатимизнинг кейинги демографик ва ижтимоий сиёсатини белгилаш билан бирга, республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозлари ҳамда дастурларини тузишда кенг қўлланилади. Кейинги ўн йилликка мўлжалланган оилаларни қўллаб-қўвватлашга қаратилган ижтимоий дастурларни шакллантириш, шифохоналар, болалар боғчалари, мактаблар ва уй-жой қурилишини режалаштиришда фойдаланилади. 

Рўйхатга олиш натижасида шакллантириладиган мамлакатдаги иш берувчилар ҳақидаги маълумотлар хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва рағбатлантиришга йўл очади. Бизнес вакиллари рўйхатга олиш маълумотлари орқали меҳнат ҳамда истеъмол бозорининг ҳолатини баҳолаш, талаб ва таклифлар эҳтиёжини аниқлаш имконига эга бўлади. Бир сўз билан айтганда, аҳоли тўғрисида тўпланадиган маълумотлар барча соҳаларни ривожлантириб, мамлакатни янада тараққий эттиришга, жаҳон майдонида Янги Ўзбекистоннинг янгича қиёфасини акс эттирувчи омил бўлиб хизмат қилади.



Нурота туман статистика бўлими

Ишонч телефонлари

  • Тел: 79 223-81-39

Бошқарма билан боғланиш

  • Тел: 79 223-81-39
  • Факс: 79 223-80-25
  • E-mail: info@naveconomy.uz
  • 210100, Навоий, Навоий кўчаси 30а уй
© 2019 Навоий вилояти Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси