» » » Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар ва улардан ҳимояланиш усуллари

Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар ва улардан ҳимояланиш усуллари

15 март 2021, Понедельник
25
0
Глобал тараққиёт шароитида ахборот технологиялари моҳиятини оширишнинг янада замонавий, инновацион усулларини излаб топиш, ахборотлаштириш жараёнига ҳар томонлама кўмаклашиш, уларни ҳаётга кенг жорий этиш давлат фаолиятининг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. Зеро, ахборотлаштириш тизимида давлат сиёсатини олиб бориш масаласи стратегик аҳамиятга эга вазифадир.
Ҳозирги кунда ахборот технологияларининг жадал ривожланиши ва кишилик жамиятининг барча соҳаларида Интернетдан кенг фойдаланиш кундалик фаолиятнинг бир қисмини ташкил этиб, хизмат кўрсатиш, илм-фан, таълим, электрон тижорат, шунингдек замонавий инсоннинг фикрлаш тарзига ўзининг ижобий таъсири билан кириб келди. Ҳаёт сифатини яхшилаш билан боғлиқ бўлган ушбу ўзгаришлар билан бир қаторда, жиноятчиликнинг янги шаклларини ривожлантиришга қулай шароитлар пайдо бўлганлигини таъкидлаш лозим. Мазкур жиноятлар ўз навбатида "Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар" (электрон жиноятлар) деб номланади.
Ахборот технологияларининг кенг миқёсда ривожланиши бир вақтнинг ўзида кўп турдаги жиноятларнинг содир этилишига имкон яратди, ўз навбатида ушбу турдаги жиноятларни аниқлаш ва уларни олдини олишда юқори билим ва касбий тайёргарликни талаб қилмоқда. Шундай қилиб, "ахборот технологиялари соҳасидаги жиноят" компьютерлар ва маълумотларни қайта ишлаш тизимларидан фойдаланган ҳолда содир этиладиган жиноий қилмиш бўлиб, бунинг учун қонунчиликда жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Шу боис, фуқаролар ўртасида ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар тўғрисида маълумотларни тарқатиш ва тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш зарур.
Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар тўғрисида тушунча
Ахборот технологияларининг доимий ривожланиши ва Интернетнинг пайдо бўлиши билан "Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар" тушунчаси шаклланди. Электрон жиноятларнинг асосий фарқи шундаки, уларнинг баъзилари компьютер ёрдамида (компьютер жиноятлари), бошқалари Интернет (кибержиноятлар) орқали содир этилади.
Электрон жиноят шакллари кўп қиррали бўлиб, технологиялар ва Интернетнинг доимий ривожланиши билан тобора ортиб бормоқда. Шунингдек, ушбу жиноятларни аниқлаш ва фош этишда бир қатор қийинчиликлар мавжуд бўлиб, улардан бири фуқароларнинг ўзига нисбатан содир этилган компьютер ҳуқуқбузарлиги тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришни истамасликлари ва  компьютер жиноятларига дуч келганда ҳуқуқий билимлари етарли эмаслиги билан боғлиқлигини тақозо этмоқда.
Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларнинг айрим турларини қуйидагиларда кўриш мумкин:
  • вирусли дастурий таъминотни тарқатиш;
  • фойдаланувчининг махфий маълумотларини ўғирлаш;
  • бошқа одамларнинг интеллектуал фаолият маҳсулотларини ўғирлаш;
  • ижтимоий тармоқларда бошқаларнинг аккаунтларини бузиш;
  • ёлғон маълумот тарқатиш, туҳмат қилиш;
  • миллатлараро низо ёки динлараро адоватни қўзғатиш.
  • банк пластик карталари (карта реквизитлари) билан ноқонуний операциялар;
  • қимматли қоғозлар бозоридаги Интернет-фирибгарлик;
  • Интернетдаги молиявий пирамидалар;
  • мобиль алоқа билан боғлиқ жиноятлар;
  • электрон тижорат соҳасидаги бошқа жиноятлар.
Юқоридаги мисолларни инобатга олган ҳолда, Интернет фойдаланувчилари учун уларга нисбатан содир этилиши мумкин бўлган ноқонуний ҳуқуқбузарликларни олдини-олиш бўйича баъзи тавсияларни бериш мумкин:
  • - Интернетга кириш, зарарли фаолиятга қарши курашиш учун мўлжалланган махсус дастурий таъминотга эга қурилмалардан фойдаланинг, уларни ўз вақтида янгилаб туринг;
  • - хавфсизликка жавоб берадиган янгиланишлар ўрнатилган, бошқа дастурий таъминотнинг жорий версияларига эга бўлган операцион тизимдан фойдаланинг;
  • - сайтлардан фойдаланганда уларнинг ташқи кўринишига, веб-манзилига эътибор беринг: эҳтимол Сиз унинг сохта нусхасига киргандирсиз;
  • - шахсий маълумотларни фақат хавфсиз протоколлардан фойдаланадиган
    веб-сайтларга киритинг (одатда браузерда бундай сайт манзили ёнида яшил фонда блокировка белгиси кўрсатилади);
  • - турли хил сайтларда бир хил логин ва пароллардан фойдаланманг;
  • - жуда енгил ёки осонгина тахмин қилинадиган пароллардан фойдаланманг (туғилган сана, телефон рақамлари ва ҳоказо);
  • - имкон қадар, фойдаланувчи номи ва паролни киритишдан ташқари, вақтинчалик кодни киритишни талаб этувчи, икки марталик аутентификациядан фойдаланинг, одатда SMS-хабар ёки “PUSH” хабарномаси шаклида мобиль телефонингизга юборилади;
  • - кутилмаган ёки ғайриоддий тасодифий келган электрон почта хабарларидан эҳтиёт бўлинг, ҳатто жўнатувчини билсангиз ҳам, ҳеч қачон ичидаги қўшимчаларни очманг ёки бундай электрон почта манзилидаги ҳаволалардан фойдаланманг;
  • - ҳисоб маълумотларини талаб қиладиган электрон почта хабарларидан эҳтиёт бўлинг (молия муассасалари деярли ҳеч қачон электрон почта орқали молиявий маълумотни сўрамайдилар), ҳеч қачон ҳимояланмаган Интернет каналлари орқали молиявий маълумотларни юборманг;
  • - дўстларингиздан молиявий операцияларни амалга ошириш ёки молиявий маълумотларни узатишни рағбатлантирувчи хабарларни олганингизда, ушбу маълумотни бошқа алоқа каналлари (шахсий учрашув, телефон қўнғироғи, овозли хабар йўллаш имконига эга мессенжер) ёрдамида текширинг ёки ўта оғир ҳолатларда жавобларини учинчи шахслар билиши мумкин бўлмаган назорат саволларини бериш орқали суҳбатдошингизнинг шахсига аниқлик киритинг;
  • - Интернет орқали тўловларни амалга оширишда, иложи бўлса, “Visa” ва “MasterCard” халқаро тўлов тизимлари учун “3D Secure” каби тўловларнинг қўшимча хавфсизлигини таъминлаш технологияларидан фойдаланинг;
  • - ўзларини банк ходими деб таништирган ва банк картангиз маълумотларини беришингизни сўраган нотаниш одамлар билан ҳеч қачон телефонда гаплашманг;
  • - банк картангиз маълумотларини хавфсиз жойда сақланг, уларни ҳеч кимга айтманг, хабар берманг ёки СМС орқали юборманг ва ҳоказо;
  • - қайд этиш ёзувларингизнинг сақланиб қолиши учун дўстларингиз ва яқинларингиз доирасини чекланг. Шахсий маълумотларингизни ҳеч қачон янги онлайн дўстлар билан баҳам кўрманг. Туғилган сана, электрон почта манзиллари ёки пароль сифатида ишлатилиши мумкин бўлган уй ҳайвонлари исмлари ҳақидаги маълумотларни оммалаштиришдан сақланинг. Ушбу маълумотларнинг барчаси профессионал хакер учун жуда фойдали бўлиши мумкин;
  • - “Диққат! Сизнинг аккаунтингиз бузиб ташланди. Аккаунтингизни тасдиқлаш учун қўнғироқ қилишингиз керак. Бизга хабар юборинг, биз сизни қайта чақирамиз” каби хабарлардан эҳтиёт бўлинг;
  • - “Click jacking” қурбонига айланманг. Бу шундай турдаги киберҳужумки, биринчи қарашда улар зарарсиз контентга ўхшаб кўринадиган гиперҳаволаларни ўзида сақлайди. Бироқ гиперҳаволани босиш зарарли дастур учун йўл очади, бу сизнинг компьютерингизга тажовуз қилиши ёки сизнинг шахсий маълумотларингизни четга узатиши мумкин;
  • - электрон почта манзилларида ва веб-сайтда, агар сиз улар билан иш олиб борадиган обрўли молиявий муассасаларнинг номларини ўз ичига олган бўлса ҳам URL манзилларини диққат билан кўриб чиқинг. Энг кенг тарқалган ҳийла - бу қонуний веб-сайт номи ва сохта нарсаларнинг комбинацияси. Ушбу манзиллар кўпинча қонуний кўринишда хакерлик фаолияти билан боғлиқлигини яширадиган нусха кўчирадиган сайтларга олиб келади. Баъзида URL қонуний бўлиши мумкин, аммо ҳаволани босганингизда, у Сизни бошқа сайтга олиб боради.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлардан ҳимояланишнинг энг яхши усули-замонавий таҳдидлардан хабардор бўлишдир. Хавфсизлигингиз ўз қўлингизда! Биз ахборот майдонидан фойдаланишда хавфсиз бўлишингиз тарафдоримиз.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

Ишонч телефонлари

  • Тел: 79 223-81-39

Бошқарма билан боғланиш

  • Тел: 79 223-81-39
  • Факс: 79 223-80-25
  • E-mail: info@naveconomy.uz
  • 210100, Навоий, Навоий кўчаси 30а уй
© 2019 Навоий вилояти Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси