» » » 2021 йилда киберҳужумлар қайси йўналишларда кўп содир бўлади?

2021 йилда киберҳужумлар қайси йўналишларда кўп содир бўлади?

24 декабрь 2020, Четверг
13
0
17:44 / 24.12.2020

Интернет ривожланган сари хакерлар фаолияти, киберҳужумлар муаммоси, маълумот, ҳисоб рақамлардан маблағ ўғирлаш, сайтларни бузиб кириш, коммуникация алоқаларини издан чиқаришга уринишлар кенгайса кенгаядики, асло тўхтамайди.

Экспертлар қанча огоҳлантирмасин, хакерлар ҳужумлари қурбони бўлаётган компаниялар, ҳукумат сайтлари, сиёсатчилар, таниқли шахслар ҳақидаги хабарлар бот-бот қулоққа чалинади. Келаси йилда ҳам бу тўхтамаслиги аниқ. Буни экспертлар ҳам тасдиқламоқда.

Check Point Software Technologies компаниясининг Россия ва МДҲдаги ваколатхонаси раҳбари Василий Дягилев “РИА Новости”га берган интервьюсида 2021 йилда киберҳужумлар асосан қайси йўналишларда бўлиши мумкинлиги ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди.

– COVID-19 пандемияси билан боғлиқ мавзусида фишинг жўнатмалар, масофавий таълим тизимига ҳужумлар ва кибержосуслик 2021 йилда ҳам трендга айланади, деди у. – Коронавирус пандемияси 2021 йилда ҳам ҳаётимизга, бизнес ва жамиятга таъсир этишда давом этади, ушбу жараён йил бўйи турли кўринишда кучайиб секинлашиши мумкин.

COVID-19 ҳали-бери тренддан тушмайди, вакцина яратиш, уни ишлаб чиқариш, қўллаш ҳамда янги чекловлар жорий қилиниши ҳақидаги мақолалар 2020 йилдагидек фишингли ҳужумларда қўлланилишда давом этади. Вакцина ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган фармацевтика компаниялар келаси йил ҳам муаммони чуқурлаштиришдан манфаатдор товламачилар ёки хакерлар ҳужумига дуч келади.

2021 йилда энг кўп киберҳужумга учрайдиган соҳалардан бири, бу масофавий таълим тизимидир, дейилади интервьюда. Хавотирли томони шундаки, кибербузғунчилик қилишда мактаб ўқувчилари ҳам иштирок этади. Чунки мактаблар ва университетлар масофавий таълим олиш учун турли платформалардан фаол фойдалана бошлади.

Шу боис 2020 йил август ойида, янги ўқув йили бошланиши арафасида кибербузғунчиликлар, жумладан, хакерлар томонидан ҳужумлар бир ҳафтада 30 фоизга ошганига ажабланмаса ҳам бўлади. Келгуси йилда ҳам "мактаб безорилари" масофавий таълим тизимига ҳужум қилишда давом этади.

Мақола муаллифининг фикрича, 2021 йилда жосуслик мақсадида уюштириладиган киберҳужумлар ҳам кўпаяди. Давлатлар жосуслик ёки бошқа мамлакатларда юз бераётган воқеаларга аралашиш учун киберҳужумларни давом эттиради.

Дунё аҳли узоқ кутган 5G-технологияси ҳадемай ҳаётимизга кириб келади. Унинг ишга туширилиши ва юқори тезликдаги инитернет имкониятлари фирибгарлар ва хакерлар учун айни муддаодир. Чунки ҳужум қилиш ва тармоқларни узиб қўйиш учун катта имкониятлар очилади.

Масалан, инсоннинг соғлигини кузатиб боришга ёрдам берадиган қурилма фойдаланувчининг кайфияти ҳақидаги маълумотларни ҳам узатади. "Интернетнинг автомобилга қўшилиши" эса, унинг ҳаракатини кузатади, “ақлли шаҳар” тизими ҳар биримизнинг ҳаётимиз ҳақида маълумотларни тўплай бошлайди. Шундай экан, 5G қурилмаси орқали келадиган кўп миқдордаги маълумотлар оқимининг хавфсизлиги ва махфийлигини таъминлаш учун уни бузиб киришдан ҳимоя қилиш лозим, – дейди эксперт.

Интернет хавфсизлиги ҳақида гап кетар экан, беихтиёр хавфсизликка путур етказадиган хакерлар бир жойда жимгина қўл қовуштириб турмаганини ёддан чиқармаслик керак. Технологиялар қанча ривожланмасин, унга қарши ишлатилаётган технологиялар ҳам параллел равишда ривожанаётганини инкор этолмаймиз. Бу гўё яхшилик билан ёмонлик ўртасидаги абадий кураш каби бир зум ҳам тўхтамайдиган жараёнга ўхшайди.
Саидмурод РАҲИМОВ  ЎзА

Манба

Ишонч телефонлари

  • Тел: (0436) 223-81-39

Бошқарма билан боғланиш

  • Тел: 0 (436) 223-81-39
  • Факс: 0 (436) 223-80-25
  • E-mail: info@naveconomy.uz
  • 210100, Навоий, Ислом Каримов кўчаси 77а уй
© 2019 Навоий вилояти Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси