» » » Технологик асбоб-ускуналарни импорт қилишда имтиёзлар беришнинг янги механизми жорий этилади

Технологик асбоб-ускуналарни импорт қилишда имтиёзлар беришнинг янги механизми жорий этилади

07 декабрь 2020, Понедельник
19
0
Ўзбекистонда ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган четдан олиб кириладиган технологик асбоб-ускуналарга божхона божи ва ҚҚС бўйича имтиёзлар бериш механизми жорий этилади. Бу ҳақда Norma хабар берди.
 
Ўзбекистонда ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган четдан олиб кириладиган технологик асбоб-ускуналар қуйидагиларни тўлашдан озод этилади:
божхона божини тўлашдан. Шунингдек имтиёз бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, агар уларни етказиб бериш контракти шартларида уларни етказиб бериш назарда тутилган бўлса татбиқ этилади. Олиб кирилган технологик асбоб-ускуналар олиб кирилган пайтдан эътиборан 3 йил мобайнида экспортга реализация қилинган ёки текин берилган тақдирда, мазкур имтиёзнинг амал қилиши божхона божларини тўлаш мажбуриятлари тикланган ҳолда бекор қилинади;
қўшилган қиймат солиғидан.    
 
Ушбу имтиёзлар тегишли рўйхатга киритилган асбоб-ускуналарга нисбатан қўлланилади. Буни инобатга олган ҳолда, ҳукумат томонидан амалдаги рўйхатни қайта кўриб чиқиш ва 2021 йил 1 январга қадар янгидан шакллантирилган рўйхатни тасдиқлаш учун киритиш вазифаси топширилди. Бунда:
2017-2019 йилларда импорт қилинган технологик асбоб-ускуналарнинг номенклатураси ва уларнинг ўхшаши республикада ишлаб чиқарилиши мавжудлигини ўрганиш натижалари асосида янги рўйхат шакллантирилади;
янгиланган рўйхатда асбоб-ускуналарнинг 10та рақамдан иборат ТИФ ТН коди ва асосий параметрлари кўрсатилади (ҳозирда айрим позициялар бўйича 4, 6 ва 9та рақамли кодлар кўрсатилган);
 
Бундан ташқари, рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби белгиланди. У қуйидагилардан иборат:
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази ўхшаш технологик асбоб-ускунанинг ишлаб чиқарилиши республикада мавжудлиги/мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулоса бериш мақсадида ариза берувчининг мурожаатига асосан экспертиза ўтказади. Экспертиза бир ой муддатда бепул ўтказилади;
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги марказнинг ўтказилган экспертиза якунлари бўйича ва зарурат бўлганда, бироқ ҳар чоракда камида бир марта умумлаштирилган маълумотларни Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, ДБҚ, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, ССП ва «Ўзстандарт» агентлигига кўриб чиқиш учун юборади. Улар томонидан маълумотларни кўриб чиқиш муддати 10 календарь кундан ошиб кетмаслиги лозим;
келишиш натижалари бўйича киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар тегишли қарор лойиҳаси сифатида расмийлаштирилади ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.
 
Энди имтиёзлар янги технологик асбоб-ускуналарга қўлланилади ҳамда битта контрактга мувофиқ мазкур технологик асбоб-ускуналар билан бирга уларнинг ажралмас қисми сифатида етказиб берилган бутловчи ва эҳтиёт қисмларга татбиқ қилинади. Бунда:
а) технологик асбоб-ускуна деганда товарлар, ишлар, хизматларни ишлаб чиқариш технологик жараёнида бевосита фойдаланиладиган машиналар, аппаратлар, қурилмалар, механизмлар тушунилади;
б) «эркин муомалага чиқариш» божхона режимида божхона расмийлаштируви вақтида ишлаб чиқарилган йили 3 йилдан кўп бўлмаган технологик ускуна янги ҳисобланади;
в) божхона расмийлаштируви вақтида ишлаб чиқарилган йилини тасдиқлаш учун қуйидаги ҳужжатлардан бири тақдим этилади:
ишлаб чиқарилган йилини тасдиқловчи ишлаб чиқарувчи заводнинг техник паспорти;
ишлаб чиқарувчининг асбоб-ускуналар у томонидан ишлаб чиқарилганлиги, жумладан ишлаб чиқарилган йили тўғрисидаги тегишли маълумотларни ўз ичига олган бошқа ҳужжати.
 
Ҳужжат 28.11.2020 йилдан кучга кирди.

Манба

Ишонч телефонлари

  • Тел: (0436) 223-81-39

Бошқарма билан боғланиш

  • Тел: 0 (436) 223-81-39
  • Факс: 0 (436) 223-80-25
  • E-mail: info@naveconomy.uz
  • 210100, Навоий, Ислом Каримов кўчаси 77а уй
© 2019 Навоий вилояти Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси