» » » Яширин иқтисодиётнинг олдини олиш – иқтисодий тараққиёт гарови

Яширин иқтисодиётнинг олдини олиш – иқтисодий тараққиёт гарови

21 август 2020, Пятница
10
0
  Мамлакатимизда бизнесга қўшимча қулайликлар яратиш орқали яширин иқтисодиёт улушини камайтириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, валюта бозори эркинлаштирилиб, янги солиқ тизими жорий этилди. Қонунчиликда белгиланган 100 га яқин рухсат бериш ва лицензиялаш қоидалари қисқартирилди.
   Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 27 июль куни яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган йиғилишда бу борадаги ишлар ҳали етарли эмаслигини қайд этиб, галдаги вазифалар муҳокама қилинди. Хусусан, Президентимиз томонидан, Халқаро ташкилотлар экспертларини жалб қилган ҳолда, яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича стратегия ишлаб чиқиш топшириғи берилди.
   Шунингдек, солиқ ислоҳотларини изчил давом эттириб, яширин иқтисодиётга йўл қўймайдиган тизим жорий этиш вазифаси қўйилди.
Чиндан ҳам “Инсофли солиқ тўловчи” тизимини шакллантириб, тадбиркорларнинг шаффоф тизимда ишлаши учун соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга барҳам бериш бугунги ислоҳотларнинг асосини ташкил этмоқда.
Юртбошимиз таъкидлаганларидек, яширин иқтисодиётни қисқартириш учун одамларнинг легал ишлашига кўмаклашиш, уларни манфаатдор қилиш керак.
   Масалан, ўзини ўзи банд қилиш тизимининг йўлга қўйилгани натижасида фуқароларимиз расмий равишда ишли бўлмоқда. Мазкур соддалаштирилган тизим самарасида Навоий вилоятида бугунги кунда 7 минг 982 нафар аҳоли расмий секторда иш юрита бошлади.
Лекин таҳлилларга кўра қурилиш, савдо ва умумий овқатланиш, транспорт ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида норасмий бандлик даражаси ҳамон юқори. Ушбу соҳалар бўйича манзилли ишлаш, норасмий фаолият юритаётган субъектларни рағбатлантирувчи механизмлар орқали яширин иқтисодиётдан олиб чиқишга, норасмий иш ўринларини қонунийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида бугунги кунга қадар Навоий вилоятида 17 минг 122 та яширин иш ўринлари легаллаштирилди. Шунингдек, ўзаро ҳисоб-китобларда электрон ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланиш тизимининг жорий этилиши ҳам яширин иқтисодиётга барҳам беришда муҳим омил бўлмоқда
   Бироқ яширин фаолиятга мунтазам йўл қўядиган ноинсоф тадбиркорларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш, қонуний чораларни кўриш албатта ўз самарасини беради.
– Хизмат сафари билан кўплаб хорижий мамлакатларда бўлиб, у ерда тадбиркорлар учун яратилган қулайликлар ҳамда тадбиркорларнинг давлатга қонунларга итоаткорлиги билан кўп қизиққанман, – дейди тадбиркор Фарҳод Сирожов. – Ўрганишларимдан маълум бўлдики, ҳамма давлатда ҳам тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратилган, лекин Ўзбекистондаликча эмас. Бироқ ривожланган далатларда яширин иқтисодиёт даражаси жуда кам. Сабаби, агар тадбиркор давлатни алдаб, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан қочган ҳолда фаолият юритса, ўз-ўзидан ноқонуний фаолияти учун қонун олдида жавоб беради. Шу билан бирга, ўз нуфузига жиддий путур етказади. Натижада тадбиркорнинг ҳамкорлари қоча бошлайди. Оқибатда, корхона кучли рақобат туфайли бозордан чиқиб кетиб касодга учрайди. Демак, мазкур халқаро тажрибани инобатга олиб, биз тадбиркорлар ҳам яширин иқтисодиётга қарши муросасиз курашиб, давлатимиз равнақи учун ҳисса қўшишимиз зарур.
   Ўз ўрнида яширин иқтисодиётга қарши курашишда асосий куч бизнес ва жамоатчиликдир. Шу боис жамиятда бу иллатларга нисбатан нафрат туйғусини шакллантириш зарур.
   Хулоса ўрнида айтганда, яширин иқтисодиётнинг олдини олиш мамлакатимизда соғлом тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш, ишбилармонларнинг давлатга ва қонунларга ишончини мустаҳкамлаш, энг муҳими жамият ривожига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Манба

Ишонч телефонлари

  • Тел: (0436) 223-81-39

Бошқарма билан боғланиш

  • Тел: 0 (436) 223-81-39
  • Факс: 0 (436) 223-80-25
  • E-mail: info@naveconomy.uz
  • 210100, Навоий, Ислом Каримов кўчаси 77а уй
© 2019 Навоий вилояти Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси