» » » Имтиёзлар қулайлик яратмоқда

Имтиёзлар қулайлик яратмоқда

17 август 2020, Понедельник
23
0
    Пандемия шароитида давлатимиз аҳолини ҳам, тадбиркорларни ҳам қўллаб-қувватлаб, улар учун қулай шароитлар яратиб бермоқда. Мисол учун, карантин шароитида энг кўп зарар кўрган тармоқлардан бири – умумий овқатланиш соҳаси бўлди. 
     Жорий йилнинг иккинчи чорагида биринчи чорак якунларига нисбатан мазкур тармоқ маҳсулот айланмаси сезиларли миқдорда камайди. Корхоналарнинг меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси ҳажми кескин камайиши натижасида ишчилар сони ҳам қисқарди. Мазкур бир-бирига чамбарчас боғлиқ жиҳатлар натижасида ушбу тармоқ бўйича бюджет йўқотишлари анчагина сезилди.

    Давлатимиз раҳбари айни жиҳатларни инобатга олиб, жорий йил 20 июлда “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.

   Фармонга биноан, 2020 йил 1 июлдан 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан озод этилди.

   Биргина, Навоий вилоятида 316 та умумий овқатланиш корхоналари мавжуд бўлиб, жорий йилнинг иккинчи ярмида қарийб 725 миллион сўм миқдорида айланмадан олинадиган солиқ тадбиркорлар ихтиёрида қолмоқда.

   Мазкур ҳужжатга асосан, умумий овқатланиш корхоналари учун кичик тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллаган ҳолда, уларни кичик корхоналар тоифасига киритиш мақсадида 2020 йил 1 июлдан бошлаб ходимлар сонини 25 нафардан 50 нафарга оширишга рухсат берилди.

   Жорий йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимни тўлашдан озод қилинди.

   Умумий овқатланиш корхоналарига алкоголь маҳсулотларини етказиб бериш орқали сотиш ҳуқуқи берилди.

   2021 йил 1 июлга қадар умумий овқатланиш корхоналари карантин чекловларининг бекор қилинишига қараб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатилган жойлаштириш, қуриш ва фойдаланиш бўйича вақтинчалик талабларга риоя қилган ҳолда ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликларини хабардор қилиш орқали истеъмолчиларга овқатланиш хизматларини кўрсатиш учун ўзларига туташ бўш ер участкаларида енгил конструкцияларни бепул жойлаштириш ва қуриш ҳуқуқига эга бўлди.

   2021 йил 1 июлга қадар карантин чекловларининг бекор қилинишига қараб тадбиркорлик субъектларига маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан шартнома тузмасдан давлат солиқ хизмати органларини савдо муддати, маҳсулоти ва транспорт тўхташи тақиқланмаган жойларни кўрсатган ҳолда хабардор қилиш орқали автодўкон, автомагазин, автотиркама, автоцистерна ва фудтраклар орқали савдо қилиш ҳуқуқи тақдим этилди.

   Яна бир муҳим жиҳат, коронавирус пандемияси даврида тақдим этилган мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилиш бўйича берилган имтиёзлар ва ижтимоий солиқ ставкасини 12 фоиздан 1 фоизга пасайтириш бўйича микрофирма ва кичик корхоналар учун берилган имтиёзлар 2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилди.

     Навоий шаҳридаги “Great Star Temur” оилавий корхонасига қарашли «Азия» ошхонамиз 16 йилдан бери фаолият кўрсатади, – дейди тадбиркор Дилором Қодирова. – Пандемия даврида қийинчиликларни бошдан кечираётган бир пайтда Президентимизнинг мазкур фармони биз тадбиркорларга яна бир кўмак бўлди. Хусусан, карантин чекловлари сабаб мижозларга фақатгина етказиб бериш хизматини йўлга қўйдик. Натижада даромадимиз ҳам кескин камайиб, кўпчилик ишчиларимиз вақтинча уйда қолишга мажбур бўлди. Эндиликда жорий этилган имтиёздан фойдаланиб, ишчиларимизни қўллаб-қувватлаш, иш ўринларини сақлаб қолиш, фаолиятимизни тиклашга алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

    Мухтасар айтганда, мазкур фармон коронавирус пандемияси даврида аҳолини, айниқса, умумий овқатланиш ва хизматлар соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, иш ўринларини сақлаб қолиш, уларнинг даромадларини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Manba:uza.uz

Ишонч телефонлари

  • Тел: (0436) 223-81-39

Бошқарма билан боғланиш

  • Тел: 0 (436) 223-81-39
  • Факс: 0 (436) 223-80-25
  • E-mail: info@naveconomy.uz
  • 210100, Навоий, Ислом Каримов кўчаси 77а уй
© 2019 Навоий вилояти Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси